Хитойда эпидемик вазият мураккаблашганлигини ҳисобга олиб, мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш борасида кескин чоралар кўрилмоқда. Аэропорт ва темирйўл вокзалларида санитария карантин пунктлари ташкил этилган. ХХР ва бошқа давлатлардан келаётган одамлар чуқур текширувдан ўтказилмоқда. Шу билан бирга, давлатимиз томонидан Хитойда таҳсил олаётган талабалар ва хизмат сафари билан шу давлатда бўлиб турган юртдошларимиз бирин-кетин Ўзбекистонга олиб келинмоқда. Уларнинг саломатлиги қатъий назоратга олинган.

Таъкидлаш жоизки, юртимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, давлат чегараси кесишган жойлардаги санитария-карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий-санитария кўригидан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиб, пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиясига кўра, Халқ таълими вазирлиги тизимида ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларининг олдини олишга қаратилган тушунтириш ишлари олиб борилади.

Вилоятимизда ҳам бу борада изчил фаолият йўлга қўйилган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида алоҳида штаб ташкил этилган. Мазкур штаб коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик билан боғлиқ барча ишларни мувофиқлаштириб боряпти. Наманган аэропорти, Поп ва Косонсой туманларида санитария назорат пунктлари ишлаб турибди. Улар малакали шифокорлар ва тажрибали мутахассислар билан тўлдирилган.

Хитой Халқ Республикасида бўлиб қайт­ган фуқароларнинг саломатлиги мунтазам патронаж қилинмоқда. Кўп тармоқли марказий поликлиникалар, оила поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари шифокору ҳамширалари ушбу ўта масъулиятли ишга сафарбар этилганлар.

Коронавирус инфекциясининг олдини олишга қаратилган тарғибот ишлари ҳам кучайтирилган. Бу ўринда вилоятдаги оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар салоҳиятидан самарали фойдаланилмоқда. Газеталар, телевидение, радио орқали касалликнинг хавфи, коронавирус инфекциясининг тарқалмаслиги учун нималар қилиш зарурлиги тўғрисида оммага маслаҳат ва тавсиялар берилмоқда.

Тарғибот тадбирларимиз таъсир доирасини янада кенгайтириш мақсадида аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари кучайтирилган. Бу фаолият таълим-тарбия масканлари жамоалари, ёшлар ўртасида ҳам давом эттирилмоқда. Бундан ташқари, ҳар бир даволаш-профилактика муассасасида коронавирус инфекцияси, ундан қандай сақланиш кераклиги, айниқса, соғ­лом турмуш тарзи қоидаларига риоя этиш ва бошқа зарурий тавсиялар жойлаштирилган тасвирий тарғибот воситалари ўрнатилди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ЎРИ, грипп ва коронавирус касалликларининг олдини олишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқди:

- хоналар ҳароратини меъёрда бўлиши, хоналарни тез-тез шамоллатиб туриш ва намли дезинфекция ишларини мунтазам олиб бориш;

- касалликнинг клиник белгилари ва тана ҳарорати юқори бўлган ишчилар, талабалар ва ўқувчилар аниқланганда уларни ишга ва ўқишга қўймаслик, тиббий муассасага мурожаат этишини ташкил этиш;

- ҳожатхоналарда тозалаш ва дезинфекция ишларини мунтазам олиб борилишини назоратга олиш;

- ҳожатдан чиққанда ва овқатланишдан олдин қўлни совунлаб ювиш ва шахсий гигиена қоидаларига мунтазам риоя этилиши;

- талаба ва ўқувчиларни тиббий ниқоблар билан етарлича таъминлаш;

- ходимлар, талабалар ва ўқувчилар иштирокида тиббиёт мутахассисларини жалб қилган ҳолда коронавирус инфекция­си профилактикаси бўйича ўқув семинарларини ташкил этиш зарур.

Ўзингиз ва оила аъзоларингизда юқорида қайд этилган касаллик белгилари кузатилса, зудлик билан ҳудудингиздаги тиббиёт муассасасига мурожаат этинг. Ҳар қандай даволаш ишлари шифокор назоратида амалга оширилиши лозим. Коронавирус инфекциясининг юқиш омилларидан эҳтиёт бўлиш заруриятини асло унутмаслик керак. Ҳар бир инсон касалликдан ўзини муҳофаза қилиш билан яқинларини, маҳаллани, меҳнат жамоаси ва таълим муассасасини коронавирус инфекциясидан асраган бўлади. Тиббиёт ходимлари билан бутун жамоатчиликнинг ҳамжиҳатликдаги саъй-ҳаракати эса азиз Ватанимизни, унинг меҳнаткаш аҳлини ўта юқумли ва мудҳиш оқибатлар келтириб чиқарувчи касалликдан ҳимоялашнинг муҳим шарти эканлигини асло ёддан чиқармаслик лозим.

Солижон МЎМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.