Тиббиёт тизими ривожлангани сайин давр бу соҳа кишилари олдига янада долзарб ва муаммоли масалаларни кўндаланг қўймоқда. Айниқса, она ва бола саломатлигига масъул бўлган туғруқхона ходимлари бугун нуқсонли ва носоғлом болалар дунёга келишининг олдини олиш, саломатлигига ва ҳаёти учун турли хавфлар мавжудлиги боис туғилган чақалоқларни асраб қолиш ва шифо топиши йўлида тинмай изланмоқдалар, курашмоқдалар, бор тажриба ва салоҳиятларини ишга солмоқдалар.

Жумладан, Наманган шаҳар 1-туғруқхонаси вилоятдаги энг катта тажриба ва билимга эга муассаса ҳисобланади. Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ўтган 2019 йилда амалга оширилган ишлар, бугунги вазифалар ва галдаги режалар хусусида сўз борди.

Матбуот анжуманини вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг нашри - "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев очди ва олиб борди. Унда сўз олган туғруқхона бош врачи Мухлиса Атаматова мамлакатимизда "Соғлом она - соғ­лом бола" деган эзгу ғоя асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, вилоятимизда ҳам оила, оналик ва болаликни ҳар томонлама муҳофаза қилиш, соғлом фарзандлар туғилишига эришиш борасида амалга ошириб келинаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб, туғруқхона фаолиятидаги кўрсаткичларга журналистларнинг эътиборини қаратди.

Таъкидлаш ўринлики, мазкур туғруқхона 2017 йилда юридик мақомга эга бўлган ва капитал таъмирланган ва реконструкция қилинган бинода фаолият юрита бошлаган. 95 ўринга мўлжалланган туғруқхонанинг 50 ўрини туғруқ, 40 ўрини ҳомилдорларни даволаш, 5 ўрини гинекология ва 6 ўрини реанимация (жонлантириш) бўлимларидан иборат. Ёрдамчи бўлимлар сифатида функционал диаг­нос­тика бўлими, УТТ хонаси, ЭКГ хонаси, қабулхона, лаборатория ва стерилизация бўлимлари, замонавий жиҳозланган ошхона, кирхона ва дезхоналар ишлаб турибди.

Туғруқхонада 250 та ходим фаолият юритади. 13 нафар акушер-гинеколог, 6 нафар неонатолог, 4 нафар реаниматолог, 3 нафар терапевт ва лаборантлар катта тажрибага эга соҳа вакиллари ҳисобланади. Ўрта тиббиёт ходимларининг 40 нафари доя, 82 нафари ҳамшира, 7 нафари операцион ҳамширалар бўлиб, уларнинг ҳам иш тажрибаси ва малакасини ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Матбуот анжуманида етилмаган туғруқлар, перинатал ўлим ва нуқсонли ҳомилаларнинг дунёга келиш сабаблари ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чоралари ҳақида ҳам батафсил сўз юритилди. ОАВ ходимлари бу борада ўзларини қизиқтирган саволлар ва таклифларни ўртага ташладилар.

Анжуман сўнггида шундай хулосага келиндики, ҳар бир фарзандни соғлом дунёга келишига эришиш учун фақатгина тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракати камлик қилади. Бу борада кенг жамоатчилик ва албатта, оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ҳамкорликда тарғибот-тушунтириш тадбирларини янада юксак савияда ташкил этиш ва кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Лайло Аҳмедова қатнашди.

Санжарбек ҲАМИДОВ.