Вилоят эндокринология диспансери қарийиб чорак асрдан буён самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Сўнгги икки йил мобайнида мазкур жабҳада жуда катта ўзгаришлар рўй берганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шу муносабат билан диспансер бош врачи, тиббиёт фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Ваққосов мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:
- Дарҳақиқат, тиббиёт муассасамизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги "Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017-2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ эндокринология хизмати даражасини юқори босқичга кўтариш, сифатли тиббий хизмат кўрсатишга астойдил киришилган. Энг аввало, диспансер мутахассислари томонидан профилактик тадбирларга эътибор кучайтирилган. Муҳими, вилоятимизда қандли диабет билан ҳасталанганлар учун ўз-ўзини назорат қилиш мактаблари ташкил этилди. Бундан ташқари шаҳар, туман марказий ҳамда қишлоқ оилавий поликлиникалари, маҳаллалар ва мактабларда эндокрин касалликлари профилактикаси бўйича давра суҳбатлари ва тушунтириш ишлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Тарғибот-ташвиқот ишларимиз натижасида вилоятимизда умумий эндокринологик касалликка чалинганлик 1,5 фоизга камайди. Қандли диабет бўйича скрининг текширувларига кўра, аниқланиш даражаси ортиши билан асоратлар камайишига эришиб борилмоқда.
2019 йилнинг апрель ойи қувончли ва эсда қоларли бўлди. Замонавий типдаги, барча шарт-шароитлар муҳайё қилинган янги бинога кўчиб ўтдик. Бу эса барчамизни янада руҳлантириб юборди. Бир неча янги бўлимлар фаолиятига асос солинди. Ҳозирда, барча қулайликларга эга поликлиника, реанимация, жарроҳлик, болалар ва ўсмирлар, диабетология-тиредология, диабетология-нефрология ҳамда лаборатория бўлимлари иш юритмоқда. Мазкур бўлимларнинг врач ва ҳамширалари халқимиз саломатлигини сақлаш учун юқори малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатаётир.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 апрелдаги "2019-2021 йилларда Республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни такомиллаштириш бўйича дастурни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида юқори хавфга эга гуруҳлар, болалар, ўсмирлар, эмизикли ва ҳомиладор аёлларни калий йод ва дори воситалари билан бепул таъминланяпти.
Қалқонсимон ва қалқон олди безлари гормонларини иммуноферментатив аниқлаш, гликрланган гемоглабин ва бошқа биохимик таҳлиллар йўлга қўйилди. Илгарилари ушбу таҳлиллар учун беморлар Тошкент шаҳрига юборилар эди. Энди эса ортиқча вақт, ортиқча ҳаражат қилиб пойтахтга боришнинг асло ҳожати қолмади. Марказнинг ўзида яхши имкониятлар яратилди.
Бундан ташқари Европа миқёсидаги инновацион такомиллашган қанд туширувчи препаратлар 2-тур қандли диабетлар учун қўлланилмоқда. Ҳозирги кунда беморлар барча турдаги инсулинларни бепул олишмоқда. 1-тур қандли диабет беморлар, болалар ва ўсмирлар аналог инсулинлар Лантус, Левемир шприц ручкалари, қондаги қанд миқдорини ўлчаш учун аппаратлар билан тўлиқ таъминланган. Ваҳоланки, бир пайтлар диабетлар учун ҳатто сотувда ҳам қанд туширувчи препаратларни топиш жуда мушкул бўлган.
Шунингдек, диспансердаги ва туманларда кадрлар етишмовчилиги муаммоси ижобий ҳал қилинмоқда. 12 нафар ёш мутахассис ўз малакасини оширгач, ишга қабул қилинди. 11 нафар врач бирламчи мутахассислик бўйича ўқимоқда. 6 нафар ёш кадр Европа мамлакатларига малака ошириш учун юборилмоқда.
Диспансеримизда яқин йилларда диабетнинг хавфли асоратлари, айниқса, инфаркт, миокард, кардиосклероз, диабетик кўрлик, ампутацияларнинг хавфли асоратларини олдини олиш ва камайтириш мақсадида кардиодиабет, офтолдиабет, реаблитация, янада тараққий этган лаборатория - диагностика бўлимларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида мураккаб жарроҳлик амалиётларини вилоятнинг ўзида амалга ошириш имкони бўлади. Шу билан биргаликда гипофиз бези касаллигини барвақт аниқлаш учун МРТ, МСКТ текширувларини ташкиллаш ҳаракатидамиз.
Эл соғлиги - юрт бойлиги. Зеро, аҳоли саломатлигини сақлаш йўлида қилинаётган барча саъи ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини беради. Юқори технологик текширувлар, сифатли тиббий хизмат ва профилактика эндокринологик касалликлар хавфини камайтириши, шубҳасиз.
Манзура ЭРГАШЕВА ёзиб олди.