Умрни азиз билган инсон ҳаётда ўз ўрнини топишга, орзу ниятларига етишишга, эзгуликлар этагини тутиб, ўзидан яхши ном қолдиришга интилиши шубҳасиз.
Одамлар орасида, улар дардига малҳам қўйишга қайғурадиган, туну кун заҳмат чекадиган касб эгалари борки, уларни патронаж ҳамширалари деймиз. Шоҳистахон шундай касб соҳибаси. Ҳикоямиз шу фидойи аёл ҳақида.
У Косонсой тумани, Қорасув қишлоғининг "Ўзбекистон" маҳалласида деҳқон оиласида дунёга келган. Отаси Қосимжон ака билан Ёқутхон аялар болажонликлари сабабли серфарзанд бўлганлар ва айни чоғда ҳамма фарзандларини бирдай меҳр билан парваришлаганлар. "Ўнта бўлса ўрни бошқа" деганларидек, табиатан шўх, сўзамол, хотираси кучли, зийрак ва ҳар нарсага қизиқувчан, айниқса покиза кийиниши билан фарзандларидан ажралиб турадиган Шоҳистани ота-онаси "дўхтир қизим" дея эркалашарди. Ҳали мактабга бормаган, дўхтир сўзининг маъносини тўла англаб етмаган жажжи қизалоқнинг қалбига "дўхтир қизим" деган ёқимли сўз қўшиқ янглиғ кириб боради ва ўқувчилик йиллариёқ ҳамшира бўлиш истаги тўлақонли мақсадига айланади. У келажагини оқ халатсиз тасаввур қилолмайди.
Шоҳиста Косонсой тиббиёт билим юртига ўқишга кириб, катта иштиёқ билан билим олди. Устозлардан касб сирларини яхшироқ ва чуқурроқ ўрганишга интилди. 1998 йили ўқишни битирганлиги ҳақидаги дипломни қўлга олганда орзуларнинг ёруғ остонасида турганини ҳис этди.
Ўрта бўй, истарали, ғайрат-шижоати жўшиб турган ёш ҳамширани туман марказий шифохонасида илиқ кутиб олишди ва уни патронажлик вазифасига қабул қилдилар. Ш.Умарова касбига садоқати, беморларга ширинзабон ва меҳрибонлиги, соҳасига оид янгиликка интилиши туфайли йиллар пиллапоясидан баландлаб, ўз соҳасининг чинакам фидойисига айланди.
Мақоламиз қаҳрамони ҳар тонг ишга отланар экан, "Кеча ҳарорати ёки қон босими кўтарилган фалончи яхши бўлиб қолдимикан? Анови ҳомиладор келинчакка ўтган куни врач қабулига боришини тайинлаган эдим, кеча бордимикан?" деган минг турфа ўй-хаёллар билан тасарруфидаги хонадонлар сари шаҳдам юриб кетади. Кўча зим-зиё тун бўладими, ёмғир туфайли этиги лой бўладими ёхуд изғирин бўладими - Шоҳистага фарқи йўқ. У хонадонма-хонадон юриб, беморлар ҳолидан хабар олишдан эринмайди. Махсус кийим кийган, биринчи ёрдам учун дори-дармон ва зарур анжомлар тўлдирилган сумкасини елкасига илиб келаётган саломатлик посбонини одамлар қадам олишидан сезадилар. Уни кўрганлар хурсанд бўлиб "Илоё умрингдан барака топ" дея дуо қилганларида Шоҳистанинг танасидаги чарчоқлик тарқаб, руҳиятида енгиллик зоҳир бўлади.
Ишчанлик,тўғри сўзлик, интизомлилик, камтарлик ва албатта, вазифасининг чинакам фидойилик уни нафақат жамоа, балки, туман тиббиётчилари орасида ҳам ҳурмат қозонишига сабаб бўлди. У 2008 йили "Ҳамшира" кўрик-танловининг туман босқичида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни эгаллаб, ўз истеъдодини намоён қилди.
Йигирма икки йилдирки, Ш.Умарова зиммасидаги вазифасини шараф билан, масъулият билан бажариши учун беморларнинг олдига бориб, ҳолатини ўз кўзи билан кўриш учун маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча юришдан чарчамаяпти. Ўтган йигирма икки йилда балки бир неча минг километр йўлни босиб ўтган, қанча беморларнинг дардига малҳам қўйган, буни маҳалла аҳли, беморлар яхши билишади. Энг муҳими, у ширин тил орқали беморлар билан хушмуомалада бўлади.
Унинг фидокорона хизматлари муносиб тақдирланди. Аввало "Олий тоифали ҳамшира" мақомига эришди. Фахрий ёрлиғу қимматбаҳо савғалари сон-саноқсиз.
- Якка-ёлғиз, ногиронлиги бўлган, беморлиги сабаб ётиб қолган, ҳомиладорлар, туғиш ёшидаги аёллар, бир ёшгача бўлган болалар билан иш олиб бораман, улар ҳолидан хабар оламан, - дейди Ш.Умарова. - Ҳудудимда 23 нафар ногиронлиги бўлган шахс бўлиб, уларнинг тўрт нафари болаликдан ногирон, юролмайди. Уларга кўпроқ эътибор қаратаман, керак бўлса ҳар куни, кун ора ҳам хонадонларига бораман.
Ҳа, "Чорбоғ" маҳалласининг "Саховат" ва "Тонг юлдузи" кўчаларидаги 151 та хонадонда яшовчи 1011 нафар аҳолига сидқидил хизмат кўрсатаётган патронаж ҳамшираси Шоҳиста Умаровани кўрганлар "Ўзимизнинг Шоҳиста келяпти" дея кўзлари қувнайди. У билан нафақат хизмат кўрсатувчи хонадонлар, балки бутун маҳалла фахрланади.
- Бахтлимисиз? - сўрадим Косонсойдан қайтар чоғимда ҳамширадан.
- Уч карра бахтлиман, - деди у мамнуният билан, - аввало, юртимизнинг тинч ва осойишталиги улкан бахтим. Мени ҳар томонлама қўллаб тургувчи турмуш ўртоғим Равшанхон ака Раҳмонов билан тинч-тотув яшаб,тўрт нафар фарзандимизни камолга етказаётганимиз бахтим. Учинчидан, севган касбим, мени кутаётган беморларим, маҳалладошларим бор. Уларга кераклигимдан ғоят хурсанд бўлиб кетаман. Бу бахт эмасми?
Ҳа, Шоҳиста Умарованинг бахти бардавом бўлсин! Ҳавас қилса арзийдиган бахт. Шундай эмасми, азизлар!
Қамбар ҲАЙДАР.