Вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий - амалий тиббиёт маркази билан ҳамкорликда "Тирноқлар потологияси" мавзусида анжуман ташкилланди. Унда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари марказий поликлиникаларининг дерматологлари, вилоятда фаолият юритаётган косметологлар қатнашдилар.

Марказнинг таниқли профессори Акром Рахматов ва Анжела Коволенколар мавзу юзасидан слайдлар ёрдамида қизиқарли маъруза қилдилар. Шунингдек, улар тирноқлар потологияси бўйича 10 нафардан зиёд беморларни текширувдан ўтказишиб, керакли маслаҳат ва тавсия­ларни бердилар.

- Оёқларимнинг тирноқларидаги ўзгаришлар мени жуда ташвишлантираётган эди, - дейди Соҳибжон Аҳмедов. - Профессорнинг қабулидан мамнунман. Ҳамкасби Анжела Коволенко замонавий аппарат ёрдамида бармоқларимни замбуруғлардан халос этиб қўйди. Уларга мингдан минг раҳмат, ўзлари келишиб, узоғимизни яқин қилишди.

- Ўтган йил май ойида Тошкентда подология курси бўйича малакамни мукаммаллаштирган бўлсам, август ойида халқаро подологлар конгрессида иштирок этдим, - дейди диспансер бош врачи Равшаной Жўраева. - Поликлиникамизда шундай кабинетнинг очилганлиги эса ушбу хасталикка чалинган ҳамюртлар учун айни муддао бўлди.

Манзура ЭРГАШЕВА.