Наманган вилоятида тиббиёт ходимларига яна тажовуз қилинди. Тартиббузарлик бу гал Чуст тумани Олмос қишлоғидаги 46-оила поликлиникасида рўй берди. 2020 йил 6 февраль куни Олмос ШФЙ Тоймас-2 МФЙда яшовчи А. Қ. Саломатлиги ёмонлашганлиги учун фарзандини қишлоқ оила поликлиникаси таркибидаги тез тиббий ёрдам шохобчасига олиб борган. Шохобчада чақалоққа тиббий хизмат кўрсатилган.
Болани соғломлаштириш учун Чуст тумани тиббиёт бирлашмасидаги болалар бўлимига ётқизиш зарурлиги ота-онага тушунтирилган. Аммо А. Қ. эса фарзандини шу ердаги ҳудудий шифохонада даволатишни талаб қилган. Шифокорлар бўлимдаги 25 ўринга 33 нафар бемор ётқизилганлигини, жой бўшагунча кутиб туриши лозимлигини айтишган.
Шу орада А. Қ. пост ҳамшираси Н. Қ. билан гап талашиб қолади ва ҳамширанинг юзига ва бўйнига уриб тан жароҳати етказади. Шовқин кўтарилганлигини эшитган 46-ҚОП мудири Ҳ. Л. бўлимга етиб келади. А. Қ ва унинг шериги Д. Ў.лар жанжални бостирмоқчи бўлган мудирнинг юз қисмига уриб, тан жароҳати етказишган.
Калтакланиш оқибатида олган жароҳати туфайли Ҳ. Л. туман тиббиёт бирлашмасининг травматология бўлимига ётқизилган. Беморга "Бош мия чайқалиши. Бурун соҳасининг шилинган жароҳати ва юмшоқ тўқималар лат ейиши" ташхиси қўйилган. Ҳозир Ҳ. Л.ни даволаш чоралари кўрилмоқда.
Чуст тумани ички ишлар бўлими томонидан А. Қ.нинг содир этган қонунга зид хатти-ҳаракати бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси.