Шундай хайрли ва савобли юмушлар, одатлар, фазилат ва қадриятлар истиқлол даврида давлат сиёсати даражасига кўтарилгани эса ғоят муҳимдир. Чунки 2015 йилнинг "Кексаларни эъзозлаш йили" дея номланиши бу борадаги ишларнинг янада изчил ва тизимли давом этишига кенг имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг "Кексаларни эъзозлаш йили" Давлат дастури тўғрисида"ги қарорида ҳар бир жамоа учун аниқ вазифалар белгиланган. Бундан кўзда тутилган мақсад кексаларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтириш, ёши улуғ инсонлар, айниқса, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига ижтимоий, пенсия таъминоти ва тиббий хизмат кўрсатишни такомиллаштириш, оила ва жамиятда ёшларни ўзбек халқининг кўп асрлик қадрият ва анъаналари руҳида тарбиялашда кексаларнинг ўрнини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Йилнинг дастлабки чорагидаёқ Давлат дастури доирасида кенг қамровли тадбирларни амалга оширмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан "Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!" шиори остида ижтимоий акция ташкилланди. Наманган шаҳри ҳамда барча туманларда истиқомат қилаётган уруш ва меҳнат фронти фахрийлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилдилар. Республика эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари, тиббиёт фанлари доктори Саид Исмоилов бошчилигидаги гуруҳ вилоятимизда бир ҳафта фао­лият юритди.

Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий марказлари, илмий текшириш институтлари, тиббиёт олий таълим муассасаларининг етакчи олимлари, малакали мутахассислари вилоятимиздаги йирик тиббиёт марказлари шифокорлари билан ҳамкорликда кексаларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун текширувлар олиб боришди. Акция давомида 3400 нафардан зиёд чолу-кампирлар ҳам тиббий аппаратлар, ҳам юқори малакали мутахассислар кузатувидан ўтдилар. Аниқланган касалликларга зудлик билан зарур муолажалар буюрилди. 200 нафарга яқин уруш ва меҳнат фахрийларини санаторий-курортларда соғломлаштириш мақсадга мувофиқ деб топилди. Уларга имтиёзли йўлланма-ордерлар таъминоти режали йўлга қўйилмоқда.

Бошқарма тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида бугунги кунда анчагина ёши улуғ шифокорлар меҳнат қилишмоқда. Улар пенсия­да бўлишларига қарамай, севган жамоалари ва касбларини тарк этмаган фидоий фахрийларимиз ҳисобланишади. Биз ана шуларнинг иззат-ҳурматларини жойига қўйиб, бой билим, юқори тажриба, мукаммал малакаларини ёшлар злаштириб боришлари учун қулай шароитлар туғдирмоқдамиз. Қуйи бўғинда "Маҳорат дарслари" машғулотларини уюштиришда бундай инсонларнинг кўмагига доимо таяниб келмоқдамиз. Айни маҳалда моддий ва маънавий рағбатимизни ҳам аямаяпмиз.

Тиббиёт соҳасида узоқ йиллар хизмат кўрсатиб, ҳозирда уйларида қарилик гаштини сураётган ҳамкасбларимизни ҳеч вақт эсдан чиқармаяпмиз. Уларга Наврўз айёмида, Хотира ва қадрлаш кунида, Мустақиллик байрамида, тиббиёт ходимлари кунида дас­турхонлар ёзишни, келолмайдиганларнинг эса уйларига бориб хабар олишни анъанага айлантирганмиз. Чунончи, Наврўз байрами муносабати билан дийдорлашувларда кўпчиликни совғалар билан сийладик, хонадонларига ташриф буюриб йўқладик. Талаб ва истакларини ўрганиб, уни қондириш учун мавжуд имкониятларни ишга соляпмиз, қалбларида ҳалол ва фаол хизмат қилганлар доимо эътиборда туришларига бўлган ишончни тобора мустаҳкамлаяпмиз

Хайрли тадбирлар бошқармадан тортиб каттаю-кичик даволаш-профилактика муассасаларининг ҳаммасида ташкилланмоқда. Зеро, кексаларни ардоқлаш, уларнинг ибратли ҳаёт йўлларини эслаш, ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш бизлар учун беҳад савобли ва мароқли. Дуоларига мушаррафлик дилларимизни ҳамиша мунавварликка тўлдираверади.