Янги Ўзбекистоннинг янги сайловларида халқ ишончини қозонган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг қўшма мажлиси 24 январь куни Тошкент шаҳридаги Халқаро конгресс марказида ғоят кўтаринки руҳда ўтказилди. Олий Мажлис минбарида туриб, ўзининг Мурожаатномасини йиғилганларга, бутун халқимизга ҳавола этган муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутган "Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили"да амалга оширилган оламшумул ишларимизни чуқур таҳлил қилган ҳолда янги йилимизнинг дастурий вазифаларига барчанинг диққат-эътиборини қаратди.
Президентимиз томонидан амалдаги 2020 йил - "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" дея номлаш таклифи билдирилганида залда ўтирганлар гулдурос қарсаклар билан кутиб олдилар. Янги йилнинг янги марралари сари янада дадил интилиш ва ҳар бир ишда юксак натижадорликни таъминлаш барчамиз учун ягона эзгу мақсад бўлиб қолиши шарт.
МУРОЖААТНОМА БАРЧАМИЗГА ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАДИ
Солижон МЎМИНОВ,
вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи
Бугун юртимиздаги ҳар бир киши, муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзоларининг қўшма мажлиси минбаридан туриб йўллаган Мурожаатномаси руҳида яшамоқда ва меҳнат қилмоқда. Энг муҳими, унда Ватанимизнинг ҳозирги ва келгусидаги тараққиётини таъминловчи, халқимизни фаровонликка етакловчи режалар, дастурлар, барча соҳаларда натижадорликни таъминловчи омиллар ҳақида ўта жонкуярлик билан фикр юритилгани ҳамманинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлади, кўнглидаги эзгу ниятларини мамлакат истиқболи йўлидаги ислоҳотларга уйғунлаштиришга, янги Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичига кўтариш борасида ҳамиша ҳалол ва фаол ҳаракат қилишга чорлаб юборди. 2020 йилнинг "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб аталгани эса, айни муддао бўлди. Ахир илм - маърифатсиз миллий юксалишга, миллий юксалишсиз мамлакат иқтисодий қудратини оширишга эришиб бўлмайди. Рақамли иқтисодиётни ҳаётга жорий этишнинг муваффақиятли манбаи ҳам жаҳон илмий кашфиётларини, технологик янгиликларни ҳеч иккиланмай, сусткашликка йўл қўймай амалиётга тадбиқ қилишга боғлиқдир. Аниқ ҳисоб-китоб ва соғлом рақобатга асосланган иқтисоднинг эртаси баракали, серсамара, серривож бўлиши шубҳасиз.
Албатта, иқтисодий бақувват, бой давлатда ижтимоий муаммолар ечими ҳаёт талабидан орқада қолмайди. Биз кейинги уч йилда, яъни тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйганимиздан кейинги қисқа вақт ичида беқиёс ўзгаришларнинг наинки гувоҳи бўляпмиз, айни маҳалда тобора фаол иштирокчисига ҳам айланиб боряпмиз. Биргина тиббиёт тармоғига назар солсак, ижобий ўзгаришларнинг беқиёслигини кўрамиз. Шахсан, Президентимизнинг ташаббуслари ва ташкилотчиликлари туфайли авваллари муаммолар ичида қолган мазкур тармоқ хизматидан эндиликда халқнинг розилигига эришиб борилмоқда. Чунки, соҳага давлат томонидан катта пул-маблағлар йўналтириляпти. Натижада, инвестиция дастури доирасида қурилиш-таъмирлаш кўлами кенгайтирилиб, сифати жаҳон андозалари даражасига етказилмоқда. Энг янги хорижий аппаратлар, асбоб-ускуналар келтирилиб, улардан фойдаланадиган кадрларнинг билим малакаси мукаммаллаштириляпти. Давлат ва хусусий даволаш муассасаларига бирдай юқори эътибор берилаётгани учун тиббиётдаги соғлом рақобат одамларнинг даволаниш эҳтиёжларини тобора тўкисроқ қондириш имкониятини яратмоқда.
Лекин ютуқларимиз билан қувонишга, қаноатланишга эртадир. Ҳали ечимини кутаётган муаммолар бир талай. Шунингдек, Мурожаатномада Президентимиз томонларидан бу борадаги режалар аниқ баён этилди. Жорий йилда Президентимиз айтганларидай: "...соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ислоҳотларимизни ҳам қатъият билан давом эттирамиз.
Шифокорларнинг жамиятдаги ўрни ва мақомини кучайтириш, халқимиз ўртасида уларга нисбатан ҳурматни ошириш, ушбу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадини кўпайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўришимиз даркор.
Давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп ёки қарийб 1,5 триллион сўм ажратилади. 281 та тиббиёт муассасасини қуриш ва таъмирлашга бюджетдан 1,1 триллион сўм сарфланади. Шунингдек, 17 та ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт муассасасини бошқаришда замонавий менежмент механизмларини жорий этиш зарур.
Давлат-хусусий шериклик асосида хусусий тиббиётни янада ривожлантириш, соғлом рақобатни кучайтириш, биринчи навбатда, ихтисослашган тиббиёт марказларига хорижий инвесторларни жалб этиш чораларини кўриш даркор.
Гематологик ва вирусологик ёрдам сифатини ошириш, бу турдаги даволаш қийин бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ этишнинг вақти келди.
Қон ва вирусли касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш учун малакали гематолог, вирусолог ва иммунолог тайёрлаш, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун маблағларни кўпайтиришимиз керак.
Ихтисослашган марказлар ва уларнинг филиалларида, шунингдек, Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида шу йил электрон тиббий карталарни жорий этиш даркор.
Соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришни тубдан ислоҳ қилиш мақсадида бу йил мажбурий тиббий суғуртага оид қонунларни қабул қилиш ва уларни амалга ошириш бўйича барча ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш лозим.
Ушбу тизимни жорий йилда Сирдарё вилоятида тажриба сифатида қўллаш бошланади.
Дори воситалари ҳаракатини назорат қилиш, контрафакт маҳсулотлар айланишига чек қўйиш ва дориларнинг реал нархини онлайн тартибида кузатиб бориш тизимини яратиш ҳам долзарб вазифадир".
Бир ҳолат - айрим жойларда одамлар билан тиббиётчилар ўртасида келишмовчиликлар, низолар келиб чиқаётгани ғоят ташвишлидир. Шу боис ҳам Президентимиз парламентга Мурожаатномада ижтимоий тармоқларда тарқалаётгандек, айрим одамларимиз томонидан шифокорларга нисбатан қилинаётган зўравонликларни қораладилар.
Мурожаатнома - бутун ҳаракатларимиз мақсад муддаосининг ёрқин ойнасидир. Унга қараб, йўлимизни, марраларимизни аниқ белгилаб, янада астойдил олға интилишимиз шарт. Айниқса, биз тиббиётчилар халқимиз саломатлиги тўғрисида кеча-кундуз бетиним қайғурсак, турли касалликларни бартараф қилиш учун бор билим ва малакамизни аямай сарфласак, албатта, кутилган натижаларга эришилишига ишонамиз. Халқи соғлом давлатнинг иқтисодий салоҳияти ҳам, барча соҳалардаги куч-қудрати ҳам тобора ортаверади. Юртимиз ободлиги, халқимизнинг ҳаёт фаровонлиги бардавом бўлаверади.