Ёшлар - эртамиз эгалари. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда Ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди. Ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилиб, унинг фаолияти изчил йўлга қўйилди.

Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрда Муҳаммад ал- Хоразмий номидаги мактабга ташриф буюриб, бу ердаги ишлар билан танишгач, мактабнинг конференц-залида ёшлар билан учрашув ўтказиши эса, юртимизнинг навқирон авлоди ҳаётда муҳим воқеа бўлди. Видеоконференц- алоқа шаклида ташкилланган йиғилишни мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги ёшлар, мутасадди раҳбарлар кузатиб туришди.

Ҳозирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи атрофига 7 миллион 690 минг ёшлар жипслашишган. Улар истиқболли ислоҳотларда фаол қатнашишяпти ва салмоқли натижаларга эришишмоқда. Президенмизнинг "Ёшлар орасида Мен Сизнинг ёнингизда туриб,камарбаста бўламан!" деб кўзи ёниб турган, билимли, жасоратли йигит-қизлар борлигига ишонаман" деган гаплари ҳаммани тўлқинтириб юборди. Сўнг­ра ёшлар ҳаётидаги муаммолару долзарб вазифалар тилга олинди, уларни ҳал этиш йўл-йўриқлари кўрсатилди. Айниқса, ҳокимлар ҳамда сектор раҳбарлари биргаликда ўзи учун устувор вазифаларни белгилаб чиқиши, "Ҳоким ва ёшлар" учрашувлари тажрибасини давом эттириб, ҳар ҳафтанинг бир кунини Ёшлар масалаларини ечиш куни, ҳар 15 кунда икки кунни фақат ёшлар билан ишлаш куни этиб белгилаш лозимлиги Президентимиз томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Учрашувда Президентимиз Ёшлар иттифоқи негизида Ёшлар ишлари агентлигини ташкил этиш ташаббусини кўтарди. Бу ташаббус йиғилганлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Президентимизнинг "Янги Ўзбекистонни албатта, ёшлар билан бирга қурамиз. 2020 йил ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилиш йили бўлади" деган сўзлари бу борада ҳам янги босқич бошланаётганидан яққол далолат берди.

Мана, Янги йилимизнинг тўртинчи ҳафтасиям якунланди. Учрашувда қўйилган муҳим вазифаларни вилоятимизда ҳам изчил бажаришга киришилди. Чунончи, Норин туманида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг вилоятимиз ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Видеоконференция тарзида барча туманлар ва шаҳар ёшлари ҳам иштирок этган учрашувда Президентимизнинг ўтказган учрашувларида берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда 2020 йил Наманган вилоятида Ёшлар масаласида қилинадиган ишлар юзасидан сўз борди.

Дарҳақиқат, 2020 йил Наманган ёшлари учун ҳам катта янгиликлар йили бўлади. Учрашув чоғида вилоят ҳокими ёшларга мурожаат қилди. Ушбу мурожаат чоғида "Наманган вилоят ёшларини ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида кўплаб янги ташаббусларни ҳам қўллаб - қувватлашга қарор қилдим", - деб қайд этган вилоят ҳокими 2020 йилдан бошлаб вилоятда амалга оширилиши лозим бўлган янги Дастур билан таништирди.

Ишонч ва рағбат бор жойда ривожланиш, тараққиёт тобора тезлашаверади. Шундай экан, Янги йилда янги эзгу мақсадларнинг рўёбга чиқаришида дадил қадамлар ҳам ташланиши шубҳасиз.