Наманган вилоятимизнинг марказий шаҳри. Бу унинг ҳар жиҳатдан намунали маскан бўлишини талаб этади. Инчунин, тиббиёт тармоғида ҳам. Шаҳардаги 600 минг нафардан зиёд аҳолига бирлашма тизимидаги 22 та даволаш-профилактика муассасасининг эшиги ҳамиша очиқ. Шунингдек, 115 та хусусий тиббий жамоалар хизмат кўрсатади.
Албатта, ҳар бир соҳада ишнинг муваффақиятини кадрлар ҳал қилади. Қаерда уларнинг билим ва малака салоҳияти баланд бўлса, ўша жойда тиббий хизматнинг сифат кўрсаткичи ҳам юқори бўлаверади. Бу борада шаҳарлик шифокорларнинг мавқеи юксак. Яъни 564 нафар врачнинг 397 нафари - 76,1 фоизи олий тоифага эга. 2741 нафар ҳамширанинг 1312 нафари - 69,3 фоиз биринчи тоифалидир. Булардан кўринадики, врачу ҳамширалар тўхтовсиз ўқиб ўрганишяпти, ўз устиларида тинмай ишлашяпти. Жумладан, 2019 йил давомида Республика врачлар малакасини ошириш институтида 90 нафардан зиёд, Россия Федерациясида 3 нафар врачлар билим ва маҳоратларини янада мукаммаллаштириб қайтдилар.
Бирлашма тиббиётчиларининг мақсади халқ саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлашдан иборатдир. Шунинг учун икки йўналишда фаол иш олиб боришяпти. Беморларга кечикмай тўғри ташхис қўйиш ва самарали даволаш усулларини қўллашга қанчалик катта эътибор беришса, турли касалликларнинг олдини олиш учун тиббий кўрик ҳамда профилактик тарғиботни тобора кучайтиришяпти.
Ҳозирда ШТБда оила поликлиникалар сони 15 тага етказилди. Улар ичида барча қулайликларга эга, 3 қаватли бинода фаолият юритаётган 14-оила поликлиникасидаги ишлар, анчайин ибратли эканини айтиб ўтиш ўринли. Қуйидаги маълумотлар шундан далолат беради: поликлиника тасарруфидаги ҳудудлар аҳолиси салкам 31 000 нафар. Улар 9 та маҳалладаги 4675 та хонадонда яшашади. Болалар 1 та боғча ва 4 та мактабда тарбияланишади. 15 нафар врач ва 53 нафар ўрта тиббиёт ходимлари аҳоли саломатлигини муҳофазалашга кеча-кундуз масъулдирлар.
Оила поликлиникаси кираверишининг чап томондаги олди ойнавандли "Регистратура" (қайд этиш) хонаси ва рўпарадаги пештоққа ўрнатилган телеэкранга кўзингиз тушибоқ, бу ердаги ишлар янгичасига ташкилланганини дарров англаб етишингиз қийин эмас. Жавонларга аҳолининг тиббий картаси дид билан териб қўйилган. Мурожаат этишингиз билан қайдхона ҳамшираси, тезда топиб қўлингизга тутқазади. Монитордан эса яна керакли маълумотларни олишингиз мумкин.
Энг муҳими, поликлиника электрон тизимга ҳам ўтказилганидир. Беморлар уйларида туриб, поликлиника мутахассисларига мурожаат қилиш, врач қабулига ёзилиш, навбатининг аниқ вақтини белгилаб олиш имкониятига эгадирлар. Натижада, одамларнинг вақти тежаляпти. Бефойда кутишларга, сарсонгарчиликларга барҳам бериляпти.
Поликлиникада аёллар маслаҳати, лаборатория, стерилизация бўлимлари мавжуд. Умумий амалиёт врачларининг барчалари бир хил - кенг ва ёруғ хоналарда беморларни қабул қилишяпти. Невролог ва оторинолог хонасигача бор. ЭКГ хонасида беморларнинг юрак фаолияти текширувдан ўтказилмоқда. Бир ёнда муолажа, бир ёнда эмлаш амалга оширилмоқда.
Поликлиниканинг моддий-техника таъминоти деярли тўкис. Айниқса, зарарсизлантириш бўлими 6 турдаги энг замонавий аппаратлар билан таъминланган.
Шунингдек, "Саломатлик-3" лойиҳа дастурига мувофиқ 15 та компьютер умумий амалиёт шифокорлари ва бошқа ходимларнинг хоналарига ўрнатилган. Қўшимча равишда маҳаллий бюджет ҳисобидан 300 миллион сўм маблағ йўналтирилгани янада қувонарли. Чунки, айни маҳалда 5 та компьютер ва 5 та веб камера асосий УАШлар ва бош врач компьютерларига уланди. 1 та рангли, яна 1 та уч функцияли принтер ҳамда экранли проекторгача муҳайё. Патронаж ҳамшираларга 52 та замонавий планшетлар тарқатилган. 3 та телевизор қўйилган.
"Электрон поликлиника" тизими фаолият кўрсатиши учун оптик толали интернет тармоғи тортилган.
- Тиббий ислоҳотлар туфайли халқимизни хизматимиздан хурсанд ва рози қилишга эришяпмиз, - дейди поликлиника бош врачи ўринбосари Муроджон Ибрагимов. - Соҳага кўрсатилаётган беқиёс эътиборга жавобан доимо юксак масъулият билан ишлайверамиз.
Содиқ САЙҲУН.