Серқуёш диёримиз узра кезиб юрган Наврўз шарофати билан мазкур боғ ҳам ажиб фусну тароватга бурканди. Байрам шукуҳли ва жозибали ўтишига вилоятимиз даволаш-профилактика муассасалари жамоалари ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссаларини қўшдилар. Бир тарафда Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси шифохонаю оилавий поликлиникалари, иккинчи тарафда вилоят тиббиёт марказлари, шифохоналарию сиҳатгоҳлари вакиллари яратган кўргазмалар, баҳорий неъматлар ва тасвирий тарғибот воситалари байрамга ўзгача мазмун ва маъно бағишлади.
Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят кардиология маркази, вилоят онкология диспансери. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали каби муассасаларнинг интилувчан, изланувчан ва ташаббускор шифокорлари, ҳамшираю кичик тиббиёт ходимлари ғояси, меҳнати ва саъй-ҳаракатлари билан ташкилланган кўргазмалар, саҳнавий чиқишлар, ижро этилган куй ва қўшиқларда гўзал ватанимиз, фасллар келинчаги баҳор, меҳр-оқибат каби инсоний фазилатлар улуғланди.
- "Кексаларни эъзозлаш йили"да биздек нуронийларга алоҳида эътибор кўрсатилганидан ғоят миннатдормиз, - дейди узоқ йиллар вилоят шифохонасида хизмат қилган меҳнат фахрийси Абдуллажон ота Қозоқов. - Бугун РШТЁИМ вилоят филиали раҳбарияти томонидан кўплаб қарияларга меҳр ва илтифот кўрсатилди. Кексалари эъзозланган юртда доимо тинчлик-тотувлик, қут-барака бўлади.
Шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимидаги муассасалар жамоаларининг байрамга алоҳида тараддуд кўрганликлари яққол намоён бўлиб турибди. Айниқса, шаҳар болалар шифохонаси, 1-шаҳар шифохонаси, туғруқ комплекси жамоаларининг саъй-ҳаракатларига тасаннолар айтса арзийди. Улар байрамнинг бор жиҳатларини, файзу тароватини, шодлигию тантанаворлигини талқин этишга муваффақ бўлишган.
- Байрамга бор меҳримизни, қалб қўримизни бағишладик, - дейди туғруқ комплекси бош шифокори Дилбар Қозоқбоева.
- Мен кўплаб мамлакатларда бўлганман. Турли байрамларни кўрганман. Аммо ҳеч бирида бу қадар кўтаринкиликни, гўзалликни, одамларнинг, хусусан турли миллат вакилларининг дўстона муносабатини, меҳмондўстлигини кузатмаганман, - дейди Вильнюс акушерлик ва гинекология илмий тадқиқот институти ҳамшираси Эгле Романене. - Наманганга ташрифим Наврўз байрами шодиёна қилинаётган кунларга тўғри келганидан хурсандман. Жуда ҳам бой таассуротлар олдим. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда оналик ва болалик муҳофазаси бўйича жуда ҳам илғорлаб кетилибди. Келажак авлод камолоти йўлида амалга оширилаётган дастурлар, рўёбга чиқарилаётган эзгу ишлар чиндан ҳам эътирофга лойиқ.
Суратда: ВССБ бош ҳамшираси Райҳона Мансурова Эгле Романенега байрам ҳақида гапириб беряпти.