Янгиқўрғон шаҳарчасининг Қўриқ маҳалласига йўлингиз тушса, бино пештоқидаги "КАМОЛИ АЗИЗ ШИФО" ёзувига нигоҳингиз тушади.

Бу - бор билим ва маҳоратини беморларнинг соғлиғини тиклашга сарфлаётган, тиниб-тинчимайдиган, ташаббускор, олий тоифали терапевт-врач Гулимой Қаюмованинг ўз маблағи ҳисобидан 2018 йилда очган 20 ўринли хусусий шифохонасидир. Айни маҳалда палаталар дид билан жиҳозланиб, безатилгани, муолажа, лаборатория ва ошхонанинг беморлар учун қулайлиги даволанувчиларга манзур бўлмоқда.

- Қон босимим кўтарилиб кетган эди, - дейди биз билан суҳбатда Беговот қишлоғидан келган бемор йигит Жамшид Тўлабоев. - Марказдан бир оз четроқ бўлса-да, бу шифохонанинг тоза ва озодалиги, врач ва ҳамшираларнинг хушмуомаласи менга жуда маъқул тушди.

- Сангистондан келганман, - дейди бемор-пенсионер Мавлудахон Файзуллаева, - бу ерда дори-дармон қидириб овора бўлмаймиз, тўлиқ текширувлар учун ҳам ортиқча пул сарфламаймиз, иссиқ овқатлари ҳам жойида. Энг муҳими, шовқин-сурон йўқ, осуда. Биздай беморларга шуниси маъқул.

- Шифохонамиз ноюқумли ички касалликларни даволашга ихтисослашган ва давлат стандартларига мос равишда замонавий лаборатория ҳамда ЭКГ аппарати билан жихозланган. Беморларнинг тезроқ соғайишлари учун барча шароитларни яратишга ҳаракат қиляпмиз, - дейди Гулимой Қаюмова.

- Беморларга ташхис аниқ қўйилиши шарт. Шунинг учун банк кредити ҳисобидан қиймати 380 миллион сўм турадиган, Хитой Халқ Республикада ишлаб чиқарилган, ултра товушга асосланган "ЭХО - ДОППЛЕР" аппарати сотиб олишга эришдим. Бу аппарат томирлардан бошлаб бўғим, суяк, мускул, юрак, ички органлар, ҳомила, ҳомиладаги нуқсонларни юқори даражада аниқлаш вазифасини бажаради.

"Излаган - имкон топади", деган пурмаъно ҳикматга амал қилиб фаолият юритаётган Г.Қаюмова ва унинг ёнида турган катта ҳамшира Турсуной Шохбобоева, муолажа ҳамшираси Мамлакат Мақсудова, лаборант-врач Маъмудахон Мирзакаримова, фельдшер Баркамол Мирзакаримов, УЗИчи Мирзамаҳмуд Иброҳимов, стерилизация ходими Сожида Тўхтабоева ва массажчи Аҳмадали Юсуповлар шифохонага келаётган ҳар бир беморга сифатли хизмат кўрсатиш орқали уларнинг олқишларига сазовор бўлмоқдалар.

Қамбар ҲАЙДАР.