Отаси! Оиламизда жўжабирдай жонмиз, биронта ўғил фарзандимизни шифокорлик касбига ўргатмасак бўлмайди.
Ёндошбой ака турмуш ўртоғи Саломатхоннинг гапида жон бор эди. Чунки улар яшаётган Чоркесар қишлоғи туман марказидан 33 километр олис масофада жойлашган. Бунинг устига-устак телефон алоқаси ҳам ночор аҳволда. Қишлоқда бор-йўғи 2 та оилада енгил автомашина бор эди.
- Онаси нега энди ўғилларимизни докторликка ўқитайлик деб қолдинг. Қизларимиз-чи.
- Улар бировнинг ҳасми. Қиз бола мисоли палоҳмоннинг тоши. Тақдири қаерда бўлса, шу ерга бориб тушади.
- Ақлингга балли, онажониси! Лекин қиздир, ўғилдир уни ўқитиб, ҳунарли қилиш ота ва онанинг вазифаси.
Бу орада оиланинг тўнғич фарзанди Салимбой қишлоқдаги умумий ўрта таълим мактабни "аъло" баҳоларга тугаллаб, Самарқанд шаҳридаги тиббиёт олийгоҳига ўқишга йўл олди. Ўрта мактабда фанларни яхши ўзлаштиргани учун кириш имтихонларидан муваффақиятли ўтиб, олийгоҳ талабаси бўлди. Ўқишни тугатган Салимбой Каримов ўзи туғилиб ўсган жонажон қишлоғига олий маълумотли шифокор бўлиб қайтди.
Орадан кўп вақт ўтмай Салимбой қишлоқда фаолият олиб бораётган Парда Турсун номли фтизиатрия ва соғломлаштириш сиҳатгоҳига ишга таклиф қилинди. У меҳнат фаолиятини бошлаган корпусда Матлубахон исмли қиз ҳам ҳамширалик касбида меҳнат қилаётган экан. Салимбойнинг унга кўзи тушиши билан юраги "жиз" этиб кетди. Орадан кўп вақт ўтмай икки ёшнинг тўйлари бўлиб ўтди.
- Онаси, сен Яратган Эгамдан бирни сўраган эдинг, Оллоҳим сенга қўшқўллаб икки нафарини берди-ку.
- Етказгани ва кўрсатгани учун Оллоҳимга шукроналар бўлсин! Отаси Олимжонингиз ҳам акам каби шифокор бўламан деб тайёргарлик кўриб юрибди.
Орадан кўп вақт ўтмай Олимжон ота ва онасидан оқ фотиҳа олиб, Самарқанд шаҳри томон йўл олди. Институтнинг қабул бўлими шифокор бўлиш орзусида келган ёшлар билан гавжум эди. Олимжон ҳам ҳужжатларини қўлига олиб навбат кутди. Шу пайт бир чеккада ийманиб турган қизга кўзи тушиб қолди. У навбатдан чиқиб унинг ёнига борди.
- Сиз қаердан келдингиз, мен Наманган вилоятиданман, деди у журъат қилиб.
- Мен Хоразм вилоятиданман...
Уларнинг ҳар иккиси кириш имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, институтга қабул қилинди
Олимжон ва Гулбаҳорларнинг абитуриентлигидан бошланган дўстлиги аста-секин икки ёш қалбига муҳаббат учқунларини соча бошлади. Орадан уч йил ўтиб, икки ёш муҳаббатларини қадрлашган ота-оналари ёшларнинг бахт-иқбол кечаларини ўтказиб беришди.
Улар олийгоҳни 1978 йили муваффақиятли тугаллашиб, Намангандаги вилоят шифохонасида биргаликда интернатурани ўташди.
Олимжон Каримов ва Гулбаҳор Рўзметовалар Поп туманининг Чоркесар қишлоғида очилган Парда Турсун номли фтизиатрия ва саломатликни тиклаш сиҳатгоҳида ўзларининг биргаликдаги меҳнат фаолиятларини бошлашди. Мана, 40 йилдирки, минглаб одамларнинг саломатликларини тиклаб олишларига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.
Бизлар сиҳатгоҳда бўлганимизда, ўз саломатлигини тиклаётган хоразмлик Одилжон Эргашев, наманганлик Аҳмадали Ёқуббоевлар оилавий шифокорлар меҳнатидан рози эканликларини фахр билан сўзлаб беришди.
Онахоннинг орзу-умидлари рўёбга чиқди. Оиланинг тўрт нафар фарзандлари, икки келини ва икки нафар невара келинлари элимиз саломатлиги йўлида астойдил меҳнат қилишмоқда.
Пардабой ЭРГАШЕВ.