Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси Наманган ҳудудий бўлинмасининг 2019 йилдаги фаолияти ҳақида мазкур бўлинма раҳбари Ирода МУСАЕВА гапириб берди:
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги "Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3894-сонли қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси ташкил этилган эди. Ўтган йил мазкур тузилма фаолияти ғоят самарали кечаётганлиги яққол сезилди. Шу жумладан, Миллий палатанинг Наманган ҳудудий бўлинмаси томонидан муайян ишлар амалга оширилди.
Фаолиятимиз йўналишлари кенг қамровли. Жумладан, Наманган вилоятида соғлиқни сақлашни ривожлантириш стратегиясини, илғор халқаро стандартлар ва энг яхши жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделларини жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқяпмиз.
Вилоят врачлари ва провизорларини рўйхатдан ўтказиш тизимини жорий этиш, шунингдек, маълумотларнинг ягона электрон базасини шакллантириш ва юритишда кўмаклашиш ҳам муҳим вазифаларимиздан. Ўтган йили 1500 нафар врач ва провизорлар рўйхати шакллантирилиб, электрон базага киритилди.
Халқаро стандартларга жавоб берадиган соғлиқни сақлаш инфратузилмасини ташкил этишга, шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш учун молиявий маблағларни йўналтиришга ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида янги ташкилотларни ташкил қилишга кўмаклашяпмиз. Бу ўринда Телетиббиёт тизимини жорий этиш устида иш олиб бориляпти. Ўтган йили июнь ойида Наманган шаҳридаги 4-оила поликлиникасида мазкур янгиликнинг афзал жиҳатлари амалий тарзда кўрсатилди.
Соғлиқни сақлаш ходимларининг касбий малакаси даражаси, шунингдек, улар фаолиятининг якка тартибда лицензияланишини жорий этиш орқали кўникмаларининг замонавий талабларга ва энг яхши жаҳон амалиётларига мувофиқлиги мониторингини олиб боришнинг амалий тизимини йўлга қўйиш, тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш, ушбу соҳага замонавий стандартларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатга соғлиқни сақлаш соҳасидаги юқори малакали хорижий экспертлар ва мутахассисларни фаол жалб қилиш, мамлакат мутахассислари ва экспертларининг чет элда стажировкадан ўтиши бўйича таклифлар киритиш билан ҳам шуғулланяпмиз.
Бу ўринда АҚШнинг Мичиган университети билан самарали ҳамкорлик ўрнатилди. Ўтган йили октябрь ойида бир гуруҳ таниқли профессор ва амалиётчи шифокорлар Наманганга келишди. Маҳаллий шифокорлар учун ташкилланган илмий-амалий анжуманда америкалик тиббиётчилар "маҳорат дарслари" ўтиб беришди. Бу жараён вилоят онкология диспансери, ВКТТМ ва ВБКТТМдаги тиббий кўриклар чоғида изчил давом этди.
Тиббий туризимни ривожлантириш мақсадида вилоятимизда фаолият юритаётган санаторийлар, зиёратгоҳлар тўғрисида маълумотлар базаси яратилди.
Қисқаси, кузатиб қўйилган йил ғоят самарали ўтди. Қатор мамлакат ва халқаро миқёсдаги тадбирларни ташкилладик. Янги йилда эса фаолият самарадорилигини янада ошириш режасини ишлаб чиққанмиз.