Вилоятимизда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, соғлиқни сақлаш муассасалари моддий-техник имкониятларини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар кўлами йил сайин ошмоқда. Янгиқўрғон туманида бир йўла иккита оила поликлиникаси биносининг тақдимоти ўтказилди.
Навкентдаги икки қаватли 56-оила поликлиникаси биноси қайта реконструкция қилинди. Бино усти ва ичи мукаммал таъмирланибгина қолмасдан, биринчи қаватдаги бўш турган хоналардан ҳам фойдаланиладиган бўлди. Унга зарарсизлантириш ва лаборатория хоналари жойлаштирилди. Қозонхона ва кўмир сақлаш иншоотлари ҳам бугунги кун талаблари асосида таъмирдан чиқарилди. Энди мунтазам иссиқ ва совуқ сув таъминоти йўлга қўйилди. Қисқаси, маҳаллий бюджет ҳисобидан сарфланган 850 миллион сўм маблағ эвазига ёруғ ва шинам, аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатишга қодир бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси вужудга келди.
Нанайда очилган икки қаватли 62-оила поликлиникаси биноси эса кун сайин обод бўлиб бораётган қишлоқ кўркига кўрк қўшди. "Уйчи таълим-таъмир базаси" МЧЖ бинокорлари лойиҳада кўзда тутилган ишларни атиги беш ой мобайнида амалга оширишга муваффақ бўлдилар. Қурилиш Инвестиция дастурига мувофиқ олиб борилди ва объктда 3 миллиард сўмлик ҳажмда иш бажарилди. Натижада икки қаватли муҳташам бино қад ростлади.
Янги поликлиниканинг тақдимоти нанайликлар учун катта шодиёнага айланиб кетди. Тадбирни туман тиббиёт бирлашмаси координатори Насиба Раҳмонова очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Мухторжон Жўрабоев вилоятда тиббиёт масканларини янада такомиллаштириш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар ҳақида батафсил тўхталди. Мазкур объектнинг барпо этилиши тарихи ва унда яратилган шароитлар ҳақида гапирди. "Зарбдор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Олимжон Худойбердиев аҳолига яратилган беқиёс имконият учун миннатдорчилик билдирди. Бош шифокор Равшаной Асқарова 20 минг нафардан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатадиган оила поликлиникасининг салоҳияти юксак эканлигини таъкидлади.
Шундай қилиб, Янги йилнинг дастлабки кунларида замонавий поликлиникалар қишлоқ аҳолисига хизмат кўрсата бошлади.