Режали ишнинг натижаси тезроқ кўзга кўринишини унутмаган ҳолда аниқ тадбирлар тузиб олган маъқул, албатта. Бизнингча, аввало, тадбирдан ҳовлилардаги, бинолар фасадидаги хиёбон ва гулзорлардаги дарахтларнинг таги юмшатилиб, танасини бир хил баландликдаги "оқ фартук" билан ўраш керак. Яъни оҳак ёки бўрда оқлаш шарт. Бу ҳам қиш бўйи қулай фурсатни кутиб пўст­лоқлар орасида писиб ётган майда зараркунанда ҳашаротларга қирон келтиради, ҳам дарахтлар чиройига чирой қўшади.

Энди гулзорлар масаласига келсак, деярли барча даволаш-профилактика муассасалари кичик-кичик майдончаларга, йўлакларнинг қирғоқларига атиргуллар ёки хушманзара шамшоддан ташқари турли-туман гуллар ўтқазишга одатланишган. Дастлаб, "мезбон" гуллар қаровига эътибор бериш мақсадга мувофиқ. Аниқроғи, яхшилаб қирқилган атиргулларнинг нахлашини тезлаштириш, бошқа турли хил чиройбахш ўсимликлар ривожини жадаллаштириш учун маҳаллий ва минерал ўғитлар билан озиқлантириш муҳим.

Ҳадемай бир йиллик гуллаган "меҳмон" гулларни ўтқазиш оммавий тусга киради. Питуниянинг оқ, қизил, сапсарлари, сариқ чинни гуллар, қип-қизил гултожихўрозлар эгатларда сафланишади. Ҳовлилар ранго-рангликдан дилтортар манзара кашф этади. Бунинг учун хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин, барча меҳнат жамоалари доимий меҳр-ардоғи заруратга айланади. Агар ҳар биримиз кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга фақат томошабин эмас, бевосита иштирокчига ҳам айланишга эришсак, беҳад олийжаноблик қилган бўламиз.

Муассасалар раҳбарларидан яна бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш талаб этилади. Даволаш-профилактика муассасалари ҳовлиларининг панжаралари янгитдан бўяш, қўрғон деворларни йиқилган, қийшайган ёки тулаган жойларини қайта тиклаш, таъмирлаш, суваш ва шифохона биноларига уйғун ҳолатда ранг бериш жуда-жуда муҳимдир.

Биз тозаликни саломатлик гарови эканлигини халқ­қа уқтирувчилармиз, ўз навбатида барчамиз мазкур масаланинг доимий кун тартибида туришини сира-сира унутмайлик!

Хуллас, ободончилик ва кўкаламзорлаштиришга ҳамма жойда ҳар кунги муҳим ишлар қаторида қарашимиз лозим.

С. ТОЖИБОЕВ.