Вилоятимиз шифокорлари янги йилда ҳам янада юксак марраларни кўзлаб, соҳа тараққиётини таъминлаш учун астойдил изланмоқдалар. Татбиқ этилаётган янги технология­лар тиббий хизмат сифати ва даражасини янада юқори пағонага кўтариш имконини бераётир. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ўтказилган мураккаб технологик жарроҳлик амалиёти бу борада қў­йилган муҳим қадам бўлди.

Янгиликка филиалнинг нейрожарроҳлик бўлимида қўл урилди. Жаҳон тиббиёти ил­ғор усул ва услубларини вилоят тиббиёти фаолиятига сингдириш мақсадида астойдил интилаётган нейрожарроҳ Сайдулло Шарифбоевнинг изчил саъй-ҳаракатлари ўз маҳсулини берди. Нафақат муассаса, балки республика вилоятлари кесими жарроҳлиги тарихида илк бор бош мияда олиб борилган нейроэндоскопик амалиёт муваффақиятли якунланди.

- Япония, Буюк Британия, Россия ва бошқа тиббиёти ривожланган давлатларга хизмат сафарларим чоғида илмий-амалий конференцияларда иштирок этганимда жаҳонга танилган олимларнинг бош мия соҳасида нейрожарроҳлик амалиётларини ўтказиш бў­йича маърузаларини тинг­­лаганман. У ерлардаги замонавий тиббиёт аппаратуралари воситасида олиб борилган мураккаб нейрожарроҳлик амалиётларини кўриб, ҳавас қилгандим. Ке­йин­чалик шу хайрли ишларни юртимизда жорий этишга уриниб кўриш ғояси пайдо бўлди, - дейди доктор Сайдулло Шарифбоев.

- Шу иштиёқ бўйича изланиш олиб бордик. Япония элчихонаси эълон қилган грант бўйича лойиҳа туздик. Натижада филиал учун 110 минг АҚШ доллари миқдорида грант маблағи ютиб олдик. Ана шу маблағга Германиянинг "Карл Шторц" компаниясидан "Нейроэндоскоп" аппарати сотиб олдик. Бугун малакатимизда ягона ҳисобланган мазкур такомиллашган ва қимматбаҳо аппаратни ишга солиб, унинг воситасида биринчи амалиётни ўтказдик.

Янги тиббиёт асбоб-ускунасининг афзаллиги шундаки, бунда эндоскоп орқали инсон бош мияси асосида жойлашган ўсмалар мини инвазив усулда олиб ташланади. Биринчи жарроҳлик амалиёти ҳам шу йўсинда олиб борилди. Беморни безовта қилаётган касаллик бўйича бурун ва сфеноидал бўшлиқ орқали кирилиб, гипофиз бези ўсмаси бартараф этилди. Бутун амалиёт жараёни мониторда акс этиб турди. Ва бир ярим соат давом этган жуда қийин жарроҳлик амалиёти ижобий натижа билан якун топди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.