Ўтган йилнинг сўнгги иш куни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида йил сарҳисобига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоятимизда фаолият кўрсатаётган ОАВлар вакиллари ҳамда ахборот хизматлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, 2019 йилда эришилган беқиёс натижалар ҳақида гапириб берди. Нотиқ таъкидлаганидек, тиббиёт тизимида янгиланишлар жараёни жадал кечмоқда. Айниқса, молиялаштириш ҳажми бир неча баробарга оширилди. Масалан, 2017 йилда соҳага 457,8 миллиард сўм йўналтирилган бўлса, 2019 йилда бу миқдор 795,4 миллиард сўмга кўпайди. Шунингдек, дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳамда тиббиёт объектларини қурилиш-таъмирлаш ишларига ажратилаётган маблағлар миқдори 3 баробарга ортди. 2020 йилда эса вилоят соғлиқни сақлаш соҳасига ажратилаётган маблағ 1 триллион 64 миллард сўмни ташкил этмоқда.
Кейинги йилларда профилактик тиббиётни ривожлантиришга эътибор тобора кучаймоқда. Айни пайтда халқимизга бу йўналишда биргина Наманган вилоятида 164 та амбулатория-поликлиника муассасалари, жумладан, 75 та қишлоқ врачлик пунктлари, 62 та қишлоқ, 15 та шаҳар оилавий поликлиникалари хизмат кўрсатаяпти.
Аҳолининг тез тиббий ёрдам хизматига бўлган ишончи ортмоқда. Кейинги йилларда тез ёрдамнинг махсус санитар автотранспорт парки янгиланди. 100 дан ортиқ янги автомашиналар олинди. Бугунги кунда тизимда "Nissan", "Hunday" русумли ва бошқа замонавий тез ёрдам машиналари аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Янги харид қилинган реанимобиллар зарур асбоб-ускуналар билан тўлиқ жиҳозланди. Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам станциясида чақирувларни зудлик билан қабул қилиш ва беморларга шошилинч хизмат кўрсатишни такомиллаштирилган тизими СаII-марказ фаолияти йўлга қўйилди.
Хорижда ва пойтахт Тошкентда амалга ошириладиган ўнлаб мураккаб жарроҳлик операциялари Наманганда ўтказиляпти. Кардиожарроҳлик соҳасидаги замонавий операциялар ҳозирда нафақат пойтахтимиз, балки, Наманган даволаш муассасаларида ҳам муваффақиятли амалга оширилаяпти. Айниқса, вилоят кардиология марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича энг мураккаб операциялар муваффақиятли бажариб келинаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Шуниси эътиборга лойиқки, бундай жараёнлар нафақат вилоят марказида, ҳатто туманларда ҳам жорий этилаётир.
Сўнгги уч йилда 125 дан ортиқ даволаш-профилактика муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди ва бу мақсадлар учун 211 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Биргина 2019 йилнинг ўзида 59 та тиббиёт масканида 105 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига қурилиш - таъмирлаш ишлари бажарилди. Жорий йилда янги қурилган вилоят эндокринология маркази, Наманган шаҳрида 15-оила поликлиникаси, Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғида оила поликлиникаси ва Норин туманида Учтепа қишлоқ врачлик пункти бинолари фойдаланишга топширилди.
Юртимизда кейинги йилларда хусусий тиббиёт ривожи учун кенг имкониятлар яратилди. Бугунга келиб вилоятимизда бу йўналишда фаолият юритаётган шифохоналар сони 362 тага етди, ўринлар сони 4826 тани ташкил этди. Улардаги хизмат турлари кўпайиб, нейрожарроҳлик, абдоминал жарроҳлик, лапроскопик жарроҳлик амалиётларига киришилди. Эндокринология, болалар урологияси, педиатрия, болалар жарроҳлиги, травматология ва ортопедия, аллергология, иммунология ва бошқа йўналишлар бўйича хизмат турлари қўшилди.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар жараёнида тиббий таълим ривожига ҳам устувор аҳамият қаратилмоқда. Наманган давлат университетида Россия Федерациясининг Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда қўшма тиббиёт факультети очилди. Мазкур илм даргоҳига даволаш иши, педиатрия, стоматология ва фармацевтика йўналишлари бўйича талабалар қабул қилинган.
Хориж билан алоқалар ривожланиб боряпти. Ўнлаб шифокорлар чет элда малака оширишаётган бўлса, АҚШнинг Мичиган университети ва қатор тиббиёти ривожланган давлатларнинг тадбиркорлари билан тиббиёт ва фармацевтика йўналишида ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Россиянинг Свердловск вилояти ва Қозоғистон Республикаси тиббиётчилари билан қатор келишув ва меморандумлар имзоланган.
Матбуот анжуманида "Тараққиёт мезони" газетаси муҳаррири Исроил Юсупов, "Правда Востока" газетасининг вилоятимиздаги мухбири Феруза Отахонова, "Daryo.uz" сайти муҳаррири Азизбек Абдувалиев, "Наманган садоси" газетаси муҳаррири ўринбосари Орифжон Жўраев ва бошқалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.
Тадбир якунида журналистларга 2020 йилда амалга ошириладиган истиқболли лойиҳалар ҳақида маълумот берилди.