У ВБКТТМ урология ва ўсмирлар гинекологияси бўлими мудири, ВССБ бош урологи,
соғлиқни сақлаш аълочиси, тиббиёт фанлари доктори Ёдгормирза НУРМАТОВдир
Нафъинг агар халққа бешак дурур,
Билки бу нафъ ўзингга кўпрак дурур.
Алишер НАВОИЙ
Умр инсонга Аллоҳ томонидан ато этиладиган бебаҳою бетакрор неъмат. Уни эзгу амаллари билан безайдиган кишилар ўзларидан боқий хотиралар қолдиришади. Шажарасини шарафларга буркашади. Ота-оналарига фахр туйғуларини туҳфалашади, фарзандларига элу юртга садоқат билан хизмат қилишдек намуна - сабоқ тимсолига айланишади. Худди янгиқўрғонлик Ҳотаммирза ҳожи ота ва унинг ўғли Ёдгормирзадек.
ДУО ОЛИБ ЕТДИ КАМОЛГА
У серфарзанд оилада таваллуд топди. Хонадон раҳнамоси Ҳотаммирза саккиз ўғил - қизлари камолидан беҳад қувониб, ҳаётда пиру бадавлатлик ва беармонлик туйғуларига тўлиб яшади. Айниқса, дўхтир ўғли умидларини ушалтирди. Ота фарзанди омадини тилаб, кеча-кундуз дуо қилиб ўтди. Ёдгормирзаям дуолар ижобати учун тинмай ўқиди, тинмай ўрганди, тинмай изланди. Ниҳоят шифокор-олим мақомига эришди. Манаман деган устозларининг издошига айланди. Энг муҳими, жарроҳлик амалиётини илмий асосда олиб борди. Инновацияга дадил қўл урди. Металл вальвулом ихтиро қилди. Уни дунёга кўз-кўзлади.
"Болаларда уретра клапанини жарроҳлик усули билан даволаш ва ташхисини оптималлаштириш"ни уддалаб, ўз тажриба-тадқиқотига таянган ҳолда тиббиётни янгилиги билан бойитди. Ёдгормирзанинг яратиғи наинки чақалоқларнинг, балки катта ёшдаги беморларнинг сийдик йўлидаги нуқсонларни осонгина бартараф этишда жуда қўл келди. Омадёр йигит 2016 йили бир йўла тиббиёт фанлари доктори илмий даражасига мушаррафланди.
Илмдаги ҳар қандай кашфиёт игна билан қудуқ қазишдан кам эмас, албатта. Унинг эришган ютуқлари чекилган кўпдан-кўп заҳматлари ортидан келган. Ҳам ишлаш, ҳам ёзиш, ҳам илмий нашрларда чоп эттиришнинг ўзи бўладими. 2011-2015 йилларда Англия, Германия, Швеция, Польша ва Канада давлатларидаги нуфузли илмий журналлар саҳифаларидан унинг 15 та мақоласига ўрин берилди. Ҳозирдада врачнинг ишхонаси деворини шунча хорижий Сертификату Дипломлар безади.
НАЖОТКОРДИР ҚЎЛЛАРИ,
НУРАФШОНДИР ЙЎЛЛАРИ
Йигирма йилдан бери вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлим мудири вазифасида фаол иш юритаётган олим-шифокор 38 кишилик кичик жамоаси билан минг-минглаб беморларни урологик-гинекологик дардлардан, туғма ва орттирилган нуқсонлардан фориғлашда катта натижаларга эришмоқда. 2019 йили 40 ўринли бўлимда 1841 нафар бола даволанди ва муолажа олди. Шулардан 1633 нафарида жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Агар ҳар ҳафтанинг сешанба, пайшанба ва шанбасига операция белгиланганини назарда тутсак, моҳир жарроҳнинг нажоткор қўллари кунига 10-11 бемор жисму жонини озордан, урологик органларини нуқсондан холи қилишга қодирлигини англаб, ҳайратга тушамиз. Малака ва маҳорат бобида ўз соҳаси бўйича ягоналиги эса наманганлик бемор болаларнинг чин маънодаги бахтидир. Ҳозиргача қанчадан - қанчаси соғайди, келгусида яна қанчадан қанчасига нажот бағишлаши шак-шубҳасиз эмасми. Агар уролог-жарроҳ амалиётининг қисқача таҳлили билан таништирсак, бизнинг унга бераётган баҳоларимизда заррача муболаға йўқлигини, ҳаётий ҳақиқатнинг беинкор эътирофи эканини дарров фаҳмлайсиз. Йил давомида беморлар 40 турдаги урологик хасталиклар билан ётишган. Масалан, 332 нафар болада крипторхизм бартараф қилинган. Мутахассисларнинг кўрсатишича бу ҳолат, яъни улғайганида бепуштликка сабаб бўлувчи моякларни ёрғоққа тушмай қолишидек туғма кўргуликлар ҳар 500 чақалоқдан 1 тасида учрайди. Ёдгормирза шу нуқсонни тўғрилашнинг ҳамиша тўлиқ уддасидан чиқади. Варикоцелле ҳам юқоридагига ўхшаш келажакда фарзанд кўришга монеълик қилувчи нохуш касаллик. Ўтган йили жарроҳ 73 нафар ўғилга йигитлик толеи кулишига имкон қайтарди. Кутаётган бахтсизлик эшигини деярли ёпиб қўйди. Яна репродуктив аъзолар хасталигига кирувчи гипоспадияга қарши кескир чоралар билан кескин курашмоқда бизнинг қаҳрамонимиз. Аниқроғи, 76 нафар болада ташқи сийдик тешигининг туғма норасо жойлашувига барҳам берди.
Ёшлар - келажагимиз деймиз қатъий ишонч билан. Болалар ана шу келажакнинг навниҳолларидир. Ёдгормирза эса, истиқбол боғига ҳозирдан бехазонлик бағишловчи боғбонга ўхшайди. Бугун унинг сеҳрли бармоқлари гўдаклару ўсмирларнинг тана аъзоларидаги урологик иллатларни, нуқсонларни йўқотаётгани эртанги соғлому навқирон авлоднинг улғайишига қўшилаётган ўзига хос салмоқли ҳиссадир.
ПЕШҚАДАМЛИК БЎЛДИ ОДАТИ,
ЗАҲМАТЛАРДА БАХТ-САОДАТИ
Ёдгормирза ўзи учун тўрт талабни муҳим санайди. Бу - билим ва тажриба, малака ва маҳорат. Тўртталасини тўкис ва уйғун ўзлаштириш ҳаракатидан сира-сира тўхтамайди. У 2018 йилнинг январь - апрель ойларида Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида андролог ва сексапатолог мутахассислиги бўйича малака оширди. Наманганда биринчилардан бўлиб андролог ихтисослигини ҳам эгаллади. Илгарилари "Нега вилоятимизда хотин-қизлар учун гинекологлар кўпу, эркак-йигитлар учун андрологлар йўқ?" деган долзарб саволига жавоб излаб юрарди-да. Ана энди ўзи замон талаб қилаётган энг зарур яна бир мутахассислик мақомига муносиб бўла олди. Уролог-андролог сифатида эгизак вазифасини қўшиб бажариш лаёқатини эгаллади. Ўғил бола ва ўсмирларда учрайдиган келгусида бепушт бўлиб қолишга дахлдор касаллик, туғма ва орттирилган нуқсонларга қарши астойдил курашмоқда. Уларни эрта аниқлаб, даволашнинг замонавий усулларини муттасил дадил қўлламоқда.
Шифокор 2019 йилнинг февралида Тошкентдаги Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий марказида Россия ва Германия давлатларидан таклиф этилган олим-профессорлар билан маҳорат дарслари амалиётларида қатнашди. Болаларнинг сийдик-таносил аъзоларидаги нуқсонларни кам инвазив, ортиқча жароҳатлариз эндоурологик даволаш йўлларини янада чуқур ўзлаштирди. Хориж мутахассисларининг малака сирларини ёнма-ён туриб, ижобий маънода "ўғирлади". Меҳмонлар маҳоратини бемалол такрорлай оладиган ҳолатда қунт билан ўрганиб қайтди.
Ёдгормирза билим, тажриба ва малакасини ўзгалардан сира-сира қизғонмайди, аксинча уларгаям илиниб юради. Халқаро, республика ва минтақавий форумларда, конференцияларда оғзаки, интернет сайтларида ёзма йўсинда илмий маърузаларини уролог-жарроҳлар эътиборига ҳавола қилишни яхши кўради. У 2019 йилнинг 13-14 сентябрь кунлари вилоятимизда ташкилланган "XXI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожлантиришда инвестиция ва инновациянинг роли" мавзуидаги халқаро форумда Россия, Украина, Туркия, Германия, Қозоғистон, Озарбайжондан ташриф буюрган дунёга машҳур тиббиётчи олимлар қаторида туриб, фаол қатнашди. "Ўғил болаларда жинсий ривожланиш бузилишини эрта ташхислаш ва коррекция қилиш усуллари" мавзуидаги маърузаси соҳадошлари томонидан юқори баҳоланди.
Фақат шугина эмас. Фарғона водийси болалар жарроҳлари, урологлари ва анестезиологларининг доимий ҳаракатдаги, йилнинг ҳар чорагида ўтказиб бориладиган илмий-амалий анжуманидаям фақат тингловчи бўлиб ўтирмайди. Аксинча, тармоқ янгиликлари мужасссамланган таҳлилий-тавсифий нутқлар сўзлайди, муаммоли масалалар юзасидан долзарб саволларига жавоблар излайди. Кузатилган йилнинг сўнгги ойида Фарғонада уюштирилган конференцияда "Болаларда сийдик-таносил аъзолари ривожланишининг бузилиши, уларнинг келажак ҳаётидаги бепуштликка олиб келувчи омилларини бартараф этиш" мавзуидаги маърузаси кўпчиликни ҳушёр торттирди. Энг фойдалиси, буни ҳамкасблари тажриба ва малака сабоғи сифатида мароқ билан тинглашди, зўр мамнуният билан қабул қилишди.
Наманган тиббиёти ҳаётида ўтган 2019 йил ғоят ўчмас из қолдирди. Вилоятимизда Россиядаги Урал давлат тиббиёт университетининг филиали очилди. Наманган давлат университетининг ҳамкорликдаги алоҳида факультети ўқитувчи-профессорлари сафида бугун Ёдгормирза Нурматовнинг ҳам борлиги бежиз эмас. Чунки, унинг илмий-амалий салоҳияти камолот касб этган. Тиббиёт асосларини пухта ўзлаштирган, Ибн Синонинг "Тиб қонунлари"ни яхши билган, илм билан амалиётни теппа-тенг уйғун олиб бораётган замондошимиз учун янги ўқув даргоҳининг иш бошлагани айни муддао бўлди.
Ҳозирда талабаларга "Болалар ва ўсмирларни хирургик даволаш амалиётларидан кейинги парвариши" фанидан дарс бераётир. Муаллимлик ва мураббийликнинг шифокорлик фаолиятига қўшилгани Ёдгормирзага ҳеч қийинчилик туғдирмаяпти. Аксинча, илмий изланишларини изчил давом эттириш, янги-янги рисолалар ёзиш имконини янада кенгайтириб юборди.
Айни пайтда у ўз ихтисослиги бўйича услубий қўлланма ва дарслик, монография тайёрлашга қизғин киришиб кетган.
ИЛДИЗИГА ТОРТАДИ ПАЛАК
Бу ҳалқ нақли теран ҳаётий ҳақиқатни ифодалайди. Бир вақтлар Нурмат бобо ўғлига Ҳотаммирза исмини бесабаб бермагани ойнадай аён. Фарзандим эл-юртга нафи тегса қувонсин, очиққўл ва эҳсонли инсонга айлансин, деган ниятда шундай ном қўйган. Бобо орзусини чорвадор зоотехник отаси ушалтирган бўлса, отасидан ибрат олган Ёдгормирза Ҳотаммирза ҳожининг ҳотам ўғли сифатида элнинг катта ҳурмат-эътиборига сазовор. Чунончи, 2019 йилнинг мартидаги олий ҳимматига ҳамма ҳавас билан боқди.
Дарвоқе, унинг дўхтирликни орзулагани ўқувчилик пайтидаёқ маълум эди. Отаси эса бундан бениҳоя хурсандлик туярди."Илоҳо, орзуларингга ет, ўғлим! Олқишлар эшитиб, ортингдан қувониб юрай!" дея дуо қиларди такрор-такрор. Бундай рағбат уни китоблар оламига бениҳоя шўнғитиб юборарди.
- Янгиқўрғон туманидаги 10-умумтаълим мактабининг энг билимдон, энг тажрибали ўқитувчилари - Мўътабархон Маҳкамова, Муаззамхон Каримова каби устозларим менинг ҳар бир саволимга эринмай жавоб беришар эди, - дея эслайди у мамнуният ҳиссига тўлиб. - Фанларга қизиқишим кучлилигидан қўлимдан сира-сира китобларни қўймасдим. Ҳатто дарсликдан ташқари бадиий адабиётларни кутубхонадан қидириб топиб ўқиб чиқардим. Газета-журналлар эса жону дилим эди. Шунданми, ҳамон мутолаа қилишдан мароқланаман. Бундай қарасам, одамийлик илмини ота-онаму китоблардан ўрганган эканман...
У 1987 йили ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлагач, Андижон давлат тиббиёт институтида етук устозлардан етти йил дарс олди. Яна бу илми билан қаноатланмади...
Олимлик мақомига эришганда ҳам устозларига таъзимини асло канда қилмаётир. Айниқса, ўзи болаликда таҳсил кўрган илм даргоҳидан ҳануз қадамини узган эмас. Ўтган йили собиқ синфдошларини ўша жойга учрашувга чорлади. Анча пайтдан бери кўнглига тугиб юрган хайр - саховатли ташаббусини ошкорлаш, рўёбга чиқариш мавриди етганини сезди. У ўзи ўқиган мактабда ўқув йилининг уч чорагида энг юқори натижаларни қўлга киритган аълочиларга, олимпиада ғолибларига ва спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаганларнинг ҳар бирига 50 000 сўмдан стипендия ва янги қизиқарли китоблар тақдим этмоқчи эканини эълон қилганида устозлар ҳам, ўқувчилар ҳам қарсаклар билан кутиб олишди. 11 та синфнинг ҳар биридан 2 нафардан, жаъми 24 нафар бола шифокорнинг сийловига муносиб кўрилди.
Биз Ёдгормирзанинг хонасидаги ойнавандли жавон ичидаги чиройли рамкага жойланган "Ташаккурнома"га нигоҳимиз тушгач, ундаги ёзувларни қизиқиб ҳижжаладик:
"Янгиқўрғон тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 10-сонли умумий ўрта таълим мактаби Ёдгормирза Ҳотаммирзаевичга ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, маънавиятини бойитиш, дунёқарашини кенгайтириш йўлидаги жонкуярлиги учун ушбу
ТАШАККУРНОМА
орқали ўз миннатдорчилигини билдиради.
Мактаб директори А. Неъматуллаев
2019 йил, 15 март".
Тантанали тақдимот видеотасвирини кўрар чоғда қуйидаги лавҳа жуда маъқул тушди:
- Мен Ёдгормирза ака Нурматовнинг олийҳимматлигидан, болаларга меҳри беқиёслигидан ғоят таъсирланиб кетдим, - дея дилидагини изҳорлабди ҳаяжонли онларда Мухлиса Раҳимжонова. - Келгусида Ҳотаммирза ҳожи отанинг ўғиллари каби эл-юрт ардоғидаги соғлиқни сақлаш ходими бўлишни орзулаб қўйдим..."
Ҳотамлик ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Шундай экан, қанийди бошқа дўхтирларимиз ҳам у кишидек эзгу амалларга ўрганишса... Ёдгормирза ҳар Наврўзда юқоридаги ҳотамлигини такрорлашга қатъий аҳдланган. Демак, қутлуғ айём яна яқинлашмоқда. Бу галгиси, аввалгисидан ҳам ўзгача бўлса ажаб эмас!
ВАЗИРЛИКНИНГ ЭЪТИРОФУ РАҒБАТИ
Пойтахтга чақирилган олим-шифокор бир гуруҳ илғор ҳамкасблари билан залда ўтираркан, англаб етдики фидокорона хизматлари тақдирлашга муносиб кўрилибди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллиги муносабати билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган "Йилнинг энг яхши шифокори" республика кўрик-танлов якунлари билан таништирилди. Ғолиблар юқорига чорлана бошланди. Олиб борувчи тантанавор тусда уларни навбатма-навбат эълон қилмоқда:
- "Йилнинг энг яхши урологи" номинацияси бўйича биринчи ўрин Нурматов Ёдгормирза Ҳотаммирзаевичга берилди...
У ўрнидан туриб, совринни олиш учун бораркан, кўзлари қувончдан намланди. Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Ибн Сино сиймоси гавдалантирилган статуйи, Диплом ва "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонини тантанали равишда топширди.
- Ўша унутилмас лаҳзаларда беихтиёр кўз ўнгимда илм йўлида камолотимга қанот берган устозларим, Тошкент давлат педиатрия тиббиёт институти, Андижон давлат тиббиёт институти профессорлари Жуманазар Бекназаров ва Бахтиёр Қиличевлар, - урология соҳасида фаолият юритишимда оталарча ғамхўрлигини аямаган Аҳмаджон Мамажонов, йигирма йилдан буён бирга ишлаётган жамоадошларим, марказимиз бош шифокори Абдумалик Раҳмоновлар намоён бўлишди, - дейди миннатдор оҳангда Ёдгормирза Нурматов. - Уларнинг беминнат кўмаклари туфайли ҳаётда қоқилмадим, йилдан-йилга обрў-эътиборим ортяпти.
Дарҳақиқат, шифокор ва олим ўта машаққатли, ўта шарафли йўлни танлаган. Заҳматлари эса, мудом раҳматларга айланмоқда. Шоир ёзганидек:
Игна билан қудуқ қазимоқдир - илм,
Ким буни қўрқмасдан зиммага олур.
Заҳматларни енгиб, илдамлаб борган
Олимлар хизмати мангуга қолур.
Содиқ САЙҲУН.