Педиатр Эдем ФЕТИЕВ бундан сира нолимайди

Нега дейсизми? Сабаби аниқ: касбининг сиру синоатларини пухта эгаллаган. Устозлари тажрибасини қунт билан ўрганган. Кичик беморларга меҳри беқиёс. Муолажалари бетаъмаю, беминнат. Болалар саломатлиги йўлида кеча-кундуз қайғуриш - унинг учун умр маъноси, инсонийлик фазилати, бахти бекамлик фалсафаси. Шу маънони бойитишдан асло чарчамайди, фазилатини яшаш фарзи деб билади, фалсафасига садоқати фидоийлигида намоён.

Асли самарқандлик бўлган Эдем Фетиевга 1976 йилда ўша ердаги тиббиёт институтининг педиатрия факультетидаги кўп йиллик сабоғини якунлагач, қўлига Наманганга бориб ишлаш йўлланмаси берилган эди. Шаҳардаги 3-шифохонада интернатурани ўташ чоғида ўзини чинакамига билимдон ва интилувчан мутахассис сифатида кўрсата олди. Эътиборлиси бемор болаларнинг чинакам халоскори эканини қисқа фурсатда амалда исботлаб қўйди. Шундан уни наманганликлар севиб қолишди. Ўзи ҳам бегоналигини бутунлай унутиб, устозлар баридан маҳкам тутиб, Самарқандга қайтиш ниятидан воз кечди. Бу янглиш қарор эмаслигини ҳаётнинг ўзи қайта-қайта тасдиқлади. 45 йиллик хизмати беҳад қадр-қиммат топди. Наманган шаҳрида яшаб, Тўрақўрғон марказий шифохонасида ишлаб элга таниқли болалар врачи мартабасига эришди.

Бугун у ўтган асрнинг 70-йилларида вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармаси бошлиқ ўринбосари бўлиб ишлаган А. Ярескони, Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмасини бошқарган М. Қўчқоровни, болалар врачи М. Жўраевни биринчи устозлари сифатида хотирлайди. Энди эса ўзи мураббийлик мақомида. Эдем Фетиев ҳозирда врачлик тажрибасидан баҳраманд бўлган, қимматли маслаҳатларини муолажаларда қўллаётган қатор шогирдлари эҳтиромига сазовор.

- Меҳридарё инсоннинг қўлида шифо топган минглаб болаларнинг ота-оналари Эдем Фетиевни кичикларнинг сеҳрли нажоткори эканини эътироф этишади, - дейди фахрий педагог Фотима Мадраҳимова. - Ҳаммамизнинг қўли енгил шифокорга ихлосимиз баланд. Қани эди шундай тиббиётчилар кўпаяверса.

Биз туман марказий шифохонасининг болалар бўлимига кирганимизда Эдем Фетиев муолажа хонасида маслаҳатга келган оналарнинг болаларида саломатлигини текшираётган экан. У одатига кўра, ҳар кичик беморга доимгидек катта эътибор кўрсатаётганига яна бир карра иқрор бўлдик. Фонендоскоп "микрофон"ида диққат билан эшитар, терисининг рангини, тошмаси бор-йўқлигини, томоғидаги яллиғланишни, тили караш боғлаган-боғламаганини кузатишлардан сўнг­гина тиббий хулоса ясаркан, ота-оналарга фарзандининг ҳақиқий ҳолатни айтишга чоғланарди:

- Болангиз шамоллабди, бир курс муолажа олиши керак.

- Ортиқча ташвишга ўрин йўқ, томоғи енгил яллиғланибди, поликлиникага қатнаб, дори-дармон бериб турсангиз, бир ҳафтада йўталдан ҳам қутилади.

- Иситмаси мана шу тошмаларига боғлиқ, Сиз вақтни ўтказмай дермотологгаям учраб жўяли маслаҳат олинг!

Катталар дўхтирнинг гапига қулоқ солишиб, болаларининг тезда соғайишига ишонишади, албатта. Ахир Эдем Фетиев ташхис қўйишнинг беҳад ҳадисини олган. Неча-неча йиллар давомида, қулоғи алдамайди, кўзи янглиштирмайди, дилидаги тилида аёнлашади.

- Болаларни, айниқса гўдакларни даволашга киришиш осон эмас, - дейди моҳир педиатр Эдем Решатович. - Бироқ уларнинг рангу рўйи, кайфияти, руҳияти ва нигоҳлари ичидагини пайқашга имкон беради. Бунинг учун врач ўта эътиборли, ўта сезгир ва қисқа фурсатда етти ўлчаб, бир кесадиган бўлиши шарт. Мен амалда шунга интиламан. Мақтаниш эмасу, тинмай ўқиганим, ўрганганим учун билим ва тажрибам деярли панд бермайди. Пенсия ёшидаям ишхонамни тарк этмаганимнинг боиси, болаларни жуда-жуда севаман. Уларнинг соғломлигини табассумидан, чарақлаган кўзларидан осонгина пайқайман. Менинг учун дунёда болалар соғлигию, кулгусини кўришдан ортиқ бахт йўқ.

Сийланган жойида азиздир инсон. Эдем Фетиев учун 2019 йилнинг ноябрь ойи иккинчи якшанбасида нишонланган Тиббиёт ходимлари байрами умрга татигулик шодиёна тусини олди. Президентимиз Фармонига биноан бир гуруҳ ҳамкасблари сафида унинг хизматлари муносиб тақдирланди. Пойтахтимиз - Тошкентга бориб, кўксига "Дўстлик" орденини тақиб қайт­ди.

Меҳнат фахрийси буни ўзи учун янада масъулият, эл соғлиги йўлида ҳамиша ҳалол ва фаол хизмат қилишдан чарчамасликка рағбат деб тушунади. Ҳар куни эрта тонгдан Тўрақўрғонга талпинади, оқ халатли хамкасбларига устозлик қилади, бемор болаларни турли дардлардан фориғлаш ҳаракатидан фахру ғурур туяди.

Ўз мухбиримиз.