Вилоят тери-таносил касалликлари диспансерида поликлиника мудири Равшаной Жўраева ташаббуси билан болаларда кам учрайдиган туғма буллёз эпидермолиз хасталигига чалинган ўғил-қизлар учун янги йил карнавали ташкил қилинди.
Мусиқий композицион дастур намойиши айниқса қизғин кечди. Қорбобо ва Қорқизнинг ташрифи болаларга жуда ёқди. Эртаклар оламига етакловчи кичик саҳна кўринишлари уларни ғоят ҳайратга солди. Айниқса, маккор ялмоғизнинг хийлаларининг фош этилиши, ззгуликнинг ёвузлик устидан ғалаба қозониши жажжиларни жуда-жуда хушнуд этди.
Тадбирда ўғил-қизлар шеърлар айтишди. Қўшиқлар куйлаб, рақсларга тушишди. Чустлик Гуласал Йўлчиева видео-онлайн орқали вилоятимиздаги бемор болаларга ҳамиша мадад қўлларини узатиб келаётган, Россиянинг "Капалак болалар" халқаро фонди бошлиғи Елена Кураторага, Ўзбекистон "Меҳрли қўллар" фонди раҳбари Раъно Шодиеваларга байрам табриги ҳамда миннатдорчилигини йўллади.
- Фарзандларимиз учун бу йилги янги йил байрами беҳад мароқли ва эсда қоларли даражада ташкилланди. Бунинг учун диспансер жамоасидан мамнунмиз, - деди София Тошпўлатова.
Тадбир сўнггида Қорбобо ва Қорқиз улашган турли хил ширинликлар, ўйинчоқлару китоблар беғубор қалб эгалари кўнглида бир олам шодлик туйғуларини жўш урдирди.