Мароқли ва унутилмас тантанада субҳи-саҳардан тўкин дастурхон ёзилиб, байрам шодиёналари меҳнат фахрийлари ва кексаларнинг эзгу дуолари ва тилаклари билан бошланди.
Туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Лайлохон Аҳмедова барчани Наврўз айёми билан қутлаб, тиббиётдаги изчил ислоҳотлар, Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликларни мамнун ҳолда сўзлар экан, шундай яхши шароитларда ишлаш, тиббиёт ходимларидан янада масъулият талаб қилишини, касалхонага келувчи беморларга сидқидилдан хизмат кўрсатиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Санъаткорларнинг шўҳ куй-қўшиқларига ҳамоҳанг муассаса жамоалари ўзларининг қизиқарли саҳна кўринишлари, келин салом, ёр-ёр, алла каби миллий урф-одат ва удумларни шарафловчи лапарлари билан даврага янада файз киритдилар. Халқ ўйинлари бўлган арқон тортишда туғруқ комплекси ходимларининг қўли баланд келди. Шодиёнада туғруқ комплекси, шошилинч, тез тиббий ёрдам, юқумли касалликлар бўлимлари фаол қатнашдилар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Наврўз анжуманида туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Қосимова, "Ёрқин ҳаёт" газетаси муҳаррири Дилбархон Асқаровалар қатнашиб, жамоага эзгу тилаклар билдирдилар.
Манзура ЭРГАШЕВА.