Сир эмас, яқин-яқингача фуқароларнинг туғилган йили, исми-шарифига доир маълумотларда чалкашликлар учраб турарди. Кимнинг­дир ёши катта, лекин туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномада бир неча ёшга кичик қилиб ёзилган.

Ёхуд, аксинча. Ёки кимнингдир исми рус тилига мувофиқлаштирилиб, "Ғаффоров" ўрнига "Гаппаров", "Жўраев" ўрнига "Джураев", "Ёқубов" ўрнига "Якубов" тарзда ёзилаверган. Шунингдек, фуқаро бирор корхонага ишга кирганда меҳнат дафтарчасига бир неча хатоликлар билан ёзиб қўйилганлик ҳолатлари кўп учрар эди. Натижада нафақага чиқиш бир неча йил кейинга сурилар, бундан фуқаро бир қанча азият чекишига тўғри келарди. Ёки бир неча ҳужжатда бошқача-бошқача ифода этилган исм-фамилиялар туфайли ҳужжатларни расмийлаштиришда қийинчиликлар туғилар эди.

Ана шундай нуқсонларни бартараф этиш мақсадида Республика Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги 2015 йилнинг 7 октябрида "Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида туғилганлик ва ўлимни (шу жумладан перинатал ўлимни) электрон рўйхатга олиш" ахборот тизимини жорий этиш тўғрисида"ги 391-сонли буйруқ қабул қилган эди. Шу пайтгача мазкур буйруқ ижросини бажариш бўйича муайян ишлар қилинди. Лекин барча тиббиёт муассасалари вазирликнинг корпоратив электрон тармоғига уланган бўлиши зарурлиги бу борада бирмунча мураккабликларни туғдираётган эди. Эндиликда тизимдаги барча муассасалар ижтимоий тармоққа улаб бўлинди ва юқоридаги буйруқ ижросини йўлга қўйиш имконияти яратилди.

Чуст тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонанинг туғруқхона бўлимида бу борада йўлга қўйилган ишларни кенг оммалаштириш мақсадида ўқув-семинари ташкил этилди.

Унда шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмалари бошлиқларининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосарлари, туғруқхоналарнинг масъул ходимлари иштирок этдилар.

Ўқув-семинарни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари У. Ботиров очди ва олиб борди. Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Н. Бозорова мазкур усулнинг афзалликлари ва ўзига хос жиҳатлари тўғрисида сўзлаб берди. Мазкур бирлашма бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Маҳмуджон Мадраҳимов ўз фаолиятида амалга ошираётган ишлари тўғрисида атрофлича сўзлаб берди ва ўлим ҳамда туғилишга оид маълумотларни ижтимоий тармоққа киритиш тартиблари, "Киритувчи" ва "Тасдиқловчи"нинг вазифалари ҳақида тушунча берди. Бундан бу ёғига туғруқхонадаги ҳар бир чақалоқнинг туғилиши (ёки перинатал ўлим) тўғрисидаги барча маълумотлар электрон тарзда рўйхатга олинади ва бу айни пайтда ФҲДЁ бўлимларига, паспорт столларига етказилади.

Бошқача айтганда ушбу маълумотларни исталган жойдан олиш мумкин бўлади. Шунисини таъкидлаш жоизки, маълумотларни тармоққа киритиш фақат бир кишининг имзоси билан амалга оширилади ва ўша муассаса раҳбарининг имзоси билан тасдиқланади. Чуст туғруқхонасида бу маълумотларни махсус мутахассис Маҳфуза Саидова тармоққа киритиши ва Лола Бобохонова тасдиқлаши жорий этилган. Ўқув-семинарида маърузачи Маҳмуджон Мадраҳимов иштирокчиларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтарди. Эндиликда туғилиш ва ўлимни электрон порталга киритишнинг мазкур услуби барча туғруқхоналарда амалга оширила бошлайди.

М. АКМАЛОВ.