Бобомиз Алишер Навоий:
Эрурсен шоҳ - агар огоҳсен сен,
Агар огоҳсен сен - шоҳсен сен.
дея ёзганларида нақадар ҳақ эдилар.
Ҳушёрлик, маънавий поклик ва виждоний уйғоқлик ҳамма вақт ҳаво ва сувдай зарур. Юртбошимиз Ислом Каримовнинг "Юксак маънавият - енгилмас куч" китобларида таъкидланганидай: "...бугунги замонда мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга. Бу масаланинг кишини доимо огоҳ бўлишга ундовчи томони шундаки, агар ҳарбий, иқтисодий, сиёсий тазйиқ бўлса, буни сезиш, кўриш, олдини олиш мумкин, аммо мафкуравий тазйиқни, унинг таъсири ва оқибатларини тезда илғаб етиш ниҳоятда қийин".
Глобаллашув жараёнлари ва маънавий таҳдидлар замонида турли ахборот хуружларидан, оммавий маданият ёйилишидан сақланиш ҳаётий заруратга айланмоғи шарт. Катталарку катта ҳаётий тажрибага эга. Оқ-қорани дарров фарқлайди. Лекин ёшлар янгиликларга тез берилувчан бўлишади. Эзгу мақсаддаги янгиликларни ўзлаштириш нур устига аъло нурку, бироқ йигит-қизларни чалғитувчи, бизнинг ахлоқ-одобимизга тўғри келмайдиган, маънавиятимизга, қадриятларимизга зиён етказадиган янгиликларнинг йўлини тўсмоғимиз зарур. Дин ниқобидаги ёвуз ғоялар таъсиридан фарзандларимизни доимо асрашимиз керак.
Тинчликни тинчликда асраш оқиллик белгиси. Шуни чуқур англаб етган ҳолда инсонлар қадр-қиммати баланд бўлган эркин замонга фақат шукроналар ярашади. Бу борада кекса авлоднинг ёш авлодга панду-насиҳати бағоят қимматли. Ахир ёшларни турли бало-қазолардан асраб-авайлашга ёши улуғлар ҳамиша бурчлидирлар.
Уйимиз тинчлиги - маҳалламиз тинчлиги, маҳалламиз тинчлиги - қишлоқ, шаҳарларимиз тинчлиги, қишлоқ, шаҳарларимиз тинчлиги юртимиз тинчлиги. "Бирники мингга татийди" деганларидек ҳар биримиз огоҳлик ва ҳушёрликка масъулмиз. Буни унутмасак, озод ва обод Ватанимизга ҳеч вақт кўз тегмайди.
Т. СОДИҚОВ.