Тўрақўрғон туманидаги Шаҳанд қишлоғи аҳолисига хизмат кўрсата бошлади.
Бир вақтлар бу ҳудудда туман шифохонаси жойлашганди. Мақбуллаштириш жараёнларида муассаса тугатилиб, уч қаватли муҳташам бино хусусий тадбиркор ихтиёрига бериб юборилган. Яхшиям қишлоқнинг фидойи инсонлари бор экан, уларнинг ташаббуси билан шифохона биноси қайтариб олиниб, унинг ўрнида 29-оила поликлиникаси ташкил этилди. Шундай бўлсада, узоқ вақт қаровсиз турган иморат таъмирталаб ҳолатга келиб қолганди. Одамлар яна ҳаракатга тушишди. Ҳашар усули билан таъмирлаш ишлари бошланиб кетди. Бироқ бу билан ҳам муаммо ечим топмади. Шундан кейин маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиб, капитал таъмирлашга киришилди. Ва ниҳоят "Обод қишлоқ" дастури доирасидаги саъй-ҳаракатлар якунида ҳавас қилса арзигулик, кўркам ва файзли бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаси вужудга келди.
Янги тиббиёт муассасаси биносининг тақдимот маросими катта шодиёнага айланиб кетди. Унда қишлоқ аҳли ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Маросимда Тўрақўрғон тумани ҳокими Ғуломжон Муродхўжаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов, тиббиёт фахрийси Аҳмаджон Худойназаров,туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Юнусхон Абдупаттаевлар сўз олиб, мамлакатимизда эл бахту саодати учун амалга оширилаётган эзгу ишлар, айниқса аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш учун яратилаётган қулайликлар, чекка ҳудудларда яшовчилар узоғини яқин қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида гапириб, бунинг ёрқин мисоли сифатида фойдаланишга топширилаётган саломатлик маскани шаҳандликларни беҳад мамнун этганлигини таъкидладилар.
- Бугун қурувчилардан ажойиб туҳфа қабул қилиб оляпмиз, - дейди оилавий поликлиника мудири Абдусалом Аҳмадалиев. - Қурувчилар ҳатто шаҳарда ҳам йўқ шароитларни муҳайё этишди. Поликлиникадаги имкониятлар аҳолига юқори сифатли ва малакали хизмат кўрсатишимиз учун мукаммал даражага етказилган. Яъни 64 нафарга яқин шифокор ва ҳамширалар алоҳида шинам ва ёруғ, энг янги мебел ва бошқа зарурий анжомлар билан жиҳозланган хоналарда фаолият олиб боришади. Яна бир аҳамиятли жиҳат - ҳар бир хона ва палата санитария узеллари ва ювиниш бўлимлари билан таъминланган.
Мазкур муассасадаги қулайликлар бир талай. Поликлиникада умумий амалиёт шифокорларидан ташқари терапевт, педиатр, акушер-гинеколог, жарроҳ ва стоматологлар учун алоҳида хоналар мавжуд. ЭКГ, УТТ, муолажа хонаси, зарарсизлантириш бўлими, кундузги стационар ва болалар бўлимлари шай ҳолатда. Янги мебеллар ва юмшоқ жиҳозлар,тиббиёт анжомлари олинди. Муҳандислик тармоқлари, яъни, электр, сув, канализация ва иситиш тизимлари тубдан янгиланди. Поликлиника биноси реконструкция қилиниб, ҳудуд ободонлаштирилди. Бунинг учун бежизга 1 миллиард 796 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланмаган.
- Мазкур тиббиёт муассасасида рентген қурилмалари, жарроҳлик амалиёти учун махсус хоналар ҳам бор, - дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Юнусхон Абдупаттаев. - Айни пайтда бундай жиҳоз ва қурилмалар бирорта қишлоқ оила поликлиникасига ўрнатилмаган. Уларни ишга солиниши ҳам кўрсатилаётган тиббий хизмат турларини орттиришга йўл очади.
Ҳозир кунига 100 қатновга мўлжалланган оила поликлиникаси ва кундузги шифохона беморларни қабул қила бошлади. Янги йилнинг илк кунларида юқори қаватда болалар учун ўттиз ўринли шифохона ҳам очилади.Тез тиббий ёрдам бўлими шаҳобчаси ҳам бинога жойлаштирилган. Унинг самарали фаолият кўрсатиши учун ҳам зарур шароит яратилган.
Бу уринишлар самараси ўлароқ шаҳандликлар энди туман марказига қатнамасдан туриб, шу ернинг ўзида малакали тиббий хизматдан баҳраманд бўлишмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.