Соғлом ҳаёт кечиришнинг муҳим шартларидан бири спортнинг у ёки бу тури билан мунтазам шуғулланишдан иборат эканлиги оддий ҳақиқат. "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди Наманган филиали бу борада ибратли ишларни амалга оширмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди "Спорт-саломатлик гарови" номли мавзудаги давлат гранти лойиҳаси доирасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар диққатга сазовордир.

Филиал томонидан биргина Косонсой туманида ташкилланган қатор тадбирларда омманинг фаоллиги таъминланди. "Ободон", "Янги шаҳар", "Олмазор", "Ёшлик", "Гўрмирон", "Равот", "Обод" ва "Ўзбекистон" маҳаллаларида бўлган тарғибот тадбирларида минг нафарга яқин аёллар, ўқувчи ёшлар ва ўсмир қизлар "Биз - соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!" шиори остидаги тарғибот тадбирларида иштирок этишди. Хайрия акцияси давомида уларга 500 донага яқин буклетлар тарқатилди. 240 нафар кам таъминланган оилаларда яшовчиларга болаларга спорт пойабзаллари ва момиқ сочиқлар улашилди.

Давлат гарнт лойиҳасига мувофиқ мактабларда ҳам изчил иш олиб борил­япти. Шу тумандаги 27, 37, 39, 40-умумтаълим мактабларида ўтказилган акция боис ўқувчиларнинг соғлом турмуш тарзи ҳақидаги тушунчалари бойитилди. 794 нафар ўқувчи ёшлар ва ўсмир қизлар тадбиримизда фаоллик кўрсатишди. Уларга ҳам саломатликни мустаҳкамлаш ва соғлом турмуш кечириш омиллари ифодаланган тарқатма тарғибот материаллари берилди. 120 нафар бола спорт оёқ кийимлари ва яна шунча ўқувчи эса сочиқлар билан таъминланди.

Эзгу мақсадни кўзлаган хайрия тадбирларимиз доираси келгуси йилда янада кенгаяди.

Хайрулла ОРТИҚОВ,

филиал директори.