Мактабимиз ўқитувчи ва ўқувчилари ўртасида бу шиоргина эмас, яшаш, ишлаш ва ўқиш тарзига айланиб улгурмоқда. Давра суҳбатлари тез-тез ташкилланмоқда.
Бу борада Яндамадаги оила поликлиникаси жамоаси билан доимий ҳамкорлик ўрнатилган. Биргина декабрь ойида икки маротаба шундай тадбир ташкилланди. Дастлабкисида "Гиёҳвандлик - аср вабоси" мавзуида фикрлашилди. Чекишнинг инсон саломатлигига салбий таъсирлари хусусида фикр юритилди. Айниқса, болалар ўртасида бундай номаъқул одатга мойилликни йўқотиш тўғрисида кенгашиб олинди.
Мактаб ва оила ҳамжихатлиги кутилган эзгу мақсадларга эришишнинг энг самарали омили эканлигини ўқитувчилар ҳам, ота-оналар ҳам янада теранроқ тушунишмоқда. Навбатдаги "Биз - соғлом турмуш тарафдоримиз!" тадбири айниқса ғоят таъсирчан кечди. ОП врачи Кимёхон Мамадалиева ОИТС касаллиги, гиёҳвандлик ва ичкиликбозлик иллатларига қарши курашиш тўғрисида маъруза қилди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган "Адашганлар қисмати" ва "Оқ ажал" номли ҳужжатли фильмлар намойиш этилди.
Ёқутхон ОРТИҚОВА,
Тўрақўрғон туманидаги
16-мактабнинг тарих фани
ўқитувчиси.