8 ДЕКАБРЬ - ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ КОНСТИТУЦИЯСИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН

Бугун биз бундан йигирма етти йил муқаддам қабул қилинган ва ўтган давр мобайнида бир неча бор қўшимча ҳамда ўзгартишлар киритилган, тобора мукаммаллашган Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ҳақли равишда ҳурриятнинг ҳуқуқий ҳимоячиси дея юксак баҳолаймиз. Чунки, жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳалари мазкур Бош қонунимиз асосида тартибга солинган. Муқаддима, олти бўлим, йигирма олти бобдан иборат Конституциямиз аслан ҳамма қонунларнинг онасидир.

Ҳаётимиз қомуси бўлмиш Конституциямиз нормаларининг амалда ишлаётганлиги ҳар биримизнинг бахту саодатимизни таъминлаб келмоқда. Улар қуйидагиларда яққол акс этиб турибди:

Биринчидан, шахс ҳуқуқ ва эркинликлари устувор, деб эътироф қилинишидир. Шу боис, мустақил фикрловчи, ўз ҳақ-ҳуқуқларини англайдиган, миллий ва умумбашарий қадриятларни идрок этувчи, янгича фикрлайдиган, фаол фуқаролик позициясига эга ёшларни шахс сифатида шакллантириш имконияти қўлга киритилди.

Иккинчидан, миллий давлатчиликнинг тарихий тажрибаси асосида суверен демократик давлат қуриш ҳамда фуқаролик жамиятини шакллантиришга эришилди.

Учинчидан, мамлакатимиз халқаро субъектларнинг тенг ҳуқуқли субъекти сифатида манфаатли алоқаларга киришувчи ўз ташқи сиёсатининг белгиланиши ҳам муҳим конституциявий нормага айланди.

Тўртинчидан, жамиятни демократлаштиришда миллий ва умумбашарий қадриятларга асосланилди. Яъни, давлат ва жамият бошқарувида давлат органларидан ташқари учинчи сектор саналмиш жамоат ташкилотлари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органларига ҳам етарли ҳуқуқ ва имкониятлар берилди. Бошқача айтганда, ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш бош стратегик мақсад қилиб қўйилди.

Истиқлол йилларида ўзлигимизни англашга астойдил киришдик. Миллий айёмларимиз қайтадан тикланди, давр билан ҳамоҳанг равишда янгилари ҳам пайдо бўлди. Тўққизта умумхалқ байрамининг олтитаси ана шулар жумласидандир. Чунончи, Наврўз айёми, Мустақиллик куни, Ўқитувчи ва мураббийлар куни, Конституциямиз қабул қилинган кун, Рамазон, Қурбон ҳайитининг биринчи кунлари шоду хуррамлик билан нишонланмоқда. Бунга мингдан - минг шукроналар айтсак арзийди.

Конституциямизни ўқиб-ўрганиш, унга қатъий амал қилиш доимий турмуш тарзимизга айланмоғи шарт. Зеро, буюк мақсад - озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт сари шахдам қадамлар ташлашимизга қонуний кафолат берадиган Конституциямиз бизларнинг бе­қиёс фахримиздир.