Россия Федерациясининг Свердловск вилояти делегацияси вилоятимизга ташриф буюрди. Сверд­ловск вилояти губернатори Евгения Куйвашев бошчилигидаги делегация таркибида тиббиёт соҳаси вакиллари ҳам бор эди. Улар вилоятимизнинг бир қатор давлат ва нодавлат тиббиёт муассасалари фаолияти билан танишдилар.

Россиялик шифокорлар вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари У.Ботиров ҳамроҳлигида Республика онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалида бўлишди. Соҳада кечаётган ислоҳотлар боис юзага келаётган ўзгаришлар, татбиқ этилаётган янги технологиялар ҳақида сўзлаб берилди. Айниқса, кўкрак бези саратонини барвақт аниқлашда қўл келаётган юқори технологик маммография ва бошқа замонавий тиббий асбоб-ускуналар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Республика кардиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Наманган филиалидаги учрашув ғоят қизиқарли кечди. Наманганлик шифокорларнинг кардиожарроҳлик борасида эришаётган ютуқлари, юрак-қон томир касалликларини самарали даволаш бўйича амалга оширилаётган ибратли ишлар кўрсатилди. Россия Федерацияси ва Беларусь кардиологлари билан ҳамкорликда олиб борилган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари тафсилотлари ҳақида фикр юритилди.

Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам екатеренбурглик тиббиётчилар иззат-икром билан кутиб олинди. ВБКТТМ бош шифокори Абдумалик Раҳмонов шифохона фаолияти билан таништирар экан, болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва даражаси йил сайин юксалаётганлигини қайд этди. Эндиликда Туркия, Жанубий Корея ва Қозоғистон давлатлари шифокорлари билан ҳамкорлик мустаҳкамланиб бораётганлигига эътибор қаратилди.

Мулоқот чоғида Свердловск вилояти кўп тармоқли "Бонум" клиник тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Елена Дугина ўзи раҳбарлик қилаётган тиббиёт маскани салоҳияти билан таништирди. Болалар саломатлигини мустаҳкамлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш таклифини ўртага ташлади.

- Вилоятингиз тиббиёти ғоят юксак суръатлар билан тараққий этиб бораётганига амин бўлдик, - дейди "Озеро Чусовское" вилоят ихтисослашган тиббий реабилитация маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Виталий Аретенский. - Ўзаро манфаатли алоқалар доирасини янада кенгайтириш жуда ҳам зарур. Бу билан икки давлат тиббиёти ривожига баҳоли қудрат ҳисса қўшилган бўлур эди.

Делегация аъзолари Наманган шаҳридаги "Паҳловон" мажмуасида ташкил этилган маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва миллий ҳунармандчилик кўргазмасини томоша қилдилар. Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров ҳамроҳлигида Наманган тиббиёти ва фармацевтика саноати кўргазмаларини ҳам кўздан кечирди. Наманган вилояти соғ­лиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи Солижон Мўминов муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар бераётган беқиёс самаралар ҳақида гапириб берди.

Оқшомда "Ойдин плаз" меҳмонхонаси анжуманлар залида тарихий воқеа рўй берди. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов Свердловск вилояти кўп тармоқли "Бонум" клиник тиббиёт маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори Елена Дугина, "Озеро Чусовское" вилоят ихтисослашган тиббий реабилитация маркази бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор, Россия Федерациясида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Виталий Аретенский ва Свердловск вилоят стоматология поликлиникаси бош шифокори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Марина Харитоновалар билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумларга имзо чекди.

Эртасига Урал давлат тиббиёт университети ректори Ольга Ковтун бошчилигидаги гуруҳ вилоят перинатал марказида бўлди. Меҳмонлар вилоятда оналик ва болалик муҳофазаси борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар. Мулоқот чоғида кадрлар малакасини ошириш соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан фикрлашиб олинди. Имзоланган меморандумда бу борадаги фаолият йўналишлари ўз ифодасини топди.

Маросим ниҳоясида меҳмонларга ўзбек миллий либослари туҳфа этилди.

Абдулла ҒОЗИЕВ.