Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги "Нуронийлар" санаторийсида "Йилнинг энг яхши ижтимоий ходими" касб кўрик-танловининг республика босқичи якунланди. Ушбу танлов ижтимоий ходимларнинг меҳнатини қадрлаш, уларнинг машаққатли ва фидокорона фаолиятини халқ орасида кенг тарғибот қилиш мақсадида ҳар икки йилда бир марта мунтазам равишда ўтказиб келинади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, мамлакатимизда сўнгги уч йил давомида кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг манзилли ижтимоий ҳимояси, уларга самарали тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йил 21 ноябрь куни Президентимиз томонидан ўтказилган аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда ҳам сўнгги икки йилда ижтимоий нафақа оладиганлар сони 1,3 бараварга, нафақа миқдори 2 бараварга оширилгани, ишлаётган пенсионерларга пенсияни тўлиқ тўлаш тартиби жорий қилингани қайд этилди.

Вилоятимизда ҳам бу йўналишда самарали ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Бугунги кунда кексалар, ногиронлиги бор шахслар ва ёлғиз яшовчи қариялар сони қарийб 2,5 минг нафардан ортиқдир. Уларга 304 нафар ижтимоий ходим уй шароитида хизмат кўрсатади. Яъни, яшаш жойлар тозалиги, овқатлантириш ва бош­қа уй юмушларини бажариш айнан ижтимоий ходимлар зиммасига юклатилган.

Гулчеҳра Низамова Наманган шаҳар тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбаси ижтимоий ходимаси. У хайрли вазифани сидқидилдан адо этиб, ҳамкасбларига ҳамиша ўрнак кўрсатади. Кўрик-танловнинг шаҳар ва вилоят босқичларида ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олган эди. Изланувчан, билимга чанқоқ, ширинсуҳан, китоб мутолаасига иштиёқманд ходима финал босқичига ҳам пухта тайёргарлик кўрди.

Пойтахтдаги беллашув ғоят қизиқарли ва муросасиз кечди. 14 ҳудуд шарафини ҳимоя қилган ҳар бир қатнашчи бор истеъдоду маҳоратини намоён қилди. Улар орасида юртдошимиз зукко ва билимдонлиги билан ажралиб турди. Охирги шартга қадар унинг яққол пеш­қадамлигига шубҳа йўқ эди. Юқори натижага эришаётган вакиламиз атиги бир балл ҳисобига ғолибликни бой бериб, фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.

Гулчеҳра Низамова Соғлиқни сақлаш вазирлигининг дипломи ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди. Айни пайт­да унинг тажрибасини вилоят миқёсидаги анжуманларда оммалаштириш мўлжалланмоқда.

Нурмуҳаммад ТУРҒУНОВ,

Тиббий-ижтимоий хизматлар вилоят бўлими раҳбари.