Россиянинг Свердловск вилоятидан ташриф буюрган делегация аъзолари сафида Екатеринбург шаҳри "Оила" тиббиёт марказининг директор ўринбосари, репродуктолог, УЗИ мутахассиси Яна Скоробогатованинг ҳам борлиги оналик толеъига муяссар бўлолмаётган аёллар қалбида умид учқунларини ёлқинлантирди.
Эрта тонгдан вилоят Перинатал маркази жамоаси россиялик меҳмонни самимий кутиб олди. Дастлаб, Яна Скоробогатова УЗИ-доплер вагинал датчик билан вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан келган бепушт аёллар саломатлигини ЭКУ (сунъий уруғлантириш учун) тиббий кўрикдан ўтказди. Уларнинг турли биокимёвий таҳлиллари ва бошқа анамнезлари билан обдон танишди. Бепуштлик сабабларини таҳлил қилиб берди. Қирқ нафардан зиёд аёл россиялик мутахассиснинг маслаҳат ва тавсияларини олишга муваффақ бўлди.
Мазкур жараёнда марказнинг бир гуруҳ тиббиётчилари - директори ўринбосари Ойшахон Қосимова, бўлим мудири Лолахон Абдуллаева, врачлар Фотима Қаюмова, Гулнора Ҳайдарова, Дилфуза Жамолиддинова ва бошқалар ёнма-ён туришди.
- Вилоятингиздаги Перинатал маркази мутахассислари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатганмиз, - деди Яна Скоробогатова. - Жорий йил сентябр ойидаги тиббиёт Форумида ҳам бу ерда маҳорат дарсларини амалга ошириб, бир гуруҳ аёлларни тиббий кўрикдан ҳам ўтказган эдим. Улар саломатлигида қувонарли ўзгаришлар рўй берганлигини эшитиб, жуда мамнун бўлдим. Бугунги тиббий кўрик ҳақида гапирадиган бўлсам, аёлларнинг ҳеч бирида она бўлишга монеълик қиладиган хавфли хасталиклар аломатлари аниқланмади. Улар, албатта, оналик бахтига муяссар бўлишади.
Шунингдек, Яна Скоробогатова вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болалик муҳофазаси бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова билан келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган муҳим масалалар юзасидан ҳам мулоқот ўтказди.
Манзура ЭРГАШЕВА.