Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Республика Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 сентябрдаги "Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4440-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида изчил иш олиб борилмоқда. Аҳоли вакиллари ва тиббиёт ходимлари иштирокида ташкилланаётган анжуманлар фикримиз далилидир.
Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасида кечган семинар ҳам ана шу долзарб вазифага бағишланди. Анжуманга оилавий поликлиникалар педиатрлари, иммунологлари, гемотолог ва болалар даволаш муассасалари бошқа мутахассислари таклиф этилди. Тадбирни Миллий палата вилоят ҳудудий бўлинмаси касалликларни даволаш, ташхис қўйишдаги хатоликлар ва шикоятларни рўйхатга олиш бўлими бош мутахассиси М. Дадабоева олиб борди. У дастлаб "Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорнинг мазмун-моҳияти ҳақида маъруза қилди.
Шундан сўнг вилоятимизнинг етакчи мутахассисларига навбат берилди. Вилоят "Она ва бола скрининги" маркази врачи Ш. Давронова орфан касалликлари ва уларнинг турлари ҳақида тушунча берди. Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази гемотологи С.Ғафуров гемофилие ва А.В.Д- талассемия касаллиги , ВССБ бош иммунологи М.Қодирхўжаев ирсий касалликларга чалинган болаларни эмлаш ҳолатлари ҳақида фикр юритдилар.
- Тарғибот тадбирларини вилоятимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида ташкиллашни режалаштирганмиз, - дейди Республика Инновацион соғлиқни сақлаш Миллий палатаси вилоят ҳудудий бўлинмаси директори Ирода Мусаева. - Мақсад - аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзинини тарғиб қилиш, репродуктив саломатликни муҳофаза этиш, қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар воситасида тиббий маданиятни юксалтиришдан иборат.
Тиббий тадбир якунида савол-жавоблар бўлди. Омманинг кам учрайдиган ва ирсий касалликлар ҳақидаги тасаввури бойитилди. Бу хавфли хасталикларнинг олдини олиш юзасидан зарур тавсиялар берилди.
Ўз мухбиримиз.