Наманган шаҳридаги 14-оила поликлиникасида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан юқумсиз касалликлар профилактикаси, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қўллаб-қуватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш бўйича "Соғлом ҳаракат-саломатлик гарови" шиори остида ўтказилган тиббий кўрик жисмоний ҳаракат машқларига уланиб кетди.
Тиббий кўрикда эндокринолог, кардиолог, онколог, терапевт ва офтольмологлар аҳоли хизматида бўлишди.Айниқса бу ерда "Селен фарма" фарм компанияси томонидан туҳфа қилинган энг замонавий кардиовизор аппаратидаги текширувлар аҳолини жуда-жуда мамнун этди.
- Кардиовизор аппарати ЭКГдан анча сезгир бўлиб, унда микроальтераций тўлқинлари ёрдамида касаллик аниқланади. Бемордаги ўзгаришларни юрак портретини чизиб чиқарган ҳолатда кўрсатиб беради, - деди мутахассис Наима Абдумажидова.
- Турмуш ўртоғим ва келинларим билан биргаликда кўрикдан ўтдик, -дейди 72 ёшли Муҳаммадюсуф ота Чўлпонов. - Кичик келиним Наимахонда бироз буқоққа мойиллик борлиги маълум бўлди. Эндокринолог врач-қизимга зарур дориларни тавсия қилиб, уларни истеъмол қилиш тартибини ҳам тушунтирди. Барчамизни юрагимизни янги аппаратга солишди ва расмлари билан чиқариб беришди. Энг муҳими юрагимиз соғлом экан. Тадбирни уюштирганларга мингдан-минг раҳматлар айтаман.
Шунингдек, тадбир доирасидаги мусиқали жисмоний ҳаракат машқларида шаҳардаги барча оилавий поликлиникаларининг ўрта тиббиёт ходимлари фаол қатнашишди.
Тадбир якунида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳафаза қилиш бўйича ўринбосари Лайло Аҳмедова сўзга чиқиб, аҳоли саломатлигини сақлаш ва мустаҳкамлаш борасидаги мазкур тадбирлар самарали натижалар беришини алоҳида таъкидлади.
Поликлиникада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 декабрдаги "Юқумли бўлмаган касалликларнинг профилактикаси, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлашга доир "Эндокринология, кардиология ва онкологиянинг долзарб муаммолари"га бағишланган семинар ғоят мароқли ўтди.
Унда вилоят эндокринология маркази бош врачи, тиббиёт фанлари доктори М. Ваққосов, мазкур муассаса эндокринологи М. Ҳомидов ва вилоят кардиология маркази мутахассиси А. Жалиловлар сўзга чиқишди.
Манзура ЭРГАШЕВА.