20 ноябрнинг субҳидамида Наманган аэропортининг шоҳ кўчаси спорт кийимларини кийиб олган тиббиёт муассасалари раҳбарлари, врачлари, ҳамшира ва фельдшерлар билан гавжумлашди.
Улар қўлларига "Биз - ОИТСга қаршимиз!", "Биз - соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз!", "Соғлом турмуш, намунали ахлоқ удумларига содиқ бўлайлик!" шиорларини кўтариб олишган эди. Кўча бошидаги майдон ўзига хос паннолар билан безатилибди. Айниқса, "Оила соғлом экан, жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан, мамлакат барқарор", "Соғлом турмуш тарзини шакллантириб, соғлом ҳаёт кечириш-саломатлик гаровидир" деган ёзувлар барчанинг эътиборини тортди.
Йўл ёқасида эса, одам иммунитети танқислиги синдроми хасталиги профилактикасига оид туркум буклетлар кўразмаси ҳам кўзга ташланиб турди.
Муҳим сана олдидан уюштирилган тиббиётчилар марафони тадбирини вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоят ҳокими ўринбосари Ирода Қўчқорова қисқача кириш сўзи билан очди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров ОИТСнинг инсон ҳаётига хавфи ва унинг профилактикаси ҳақида яна бир бор фикр юритди.
Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи Раҳмонжон Абдуллаев марафон тартиблари билан йиғилганларни таништирди. Сўнгра бош врачлар, врачлар, ҳамшира ва фельдшерларга гуруҳ-гуруҳ бўлиб, шоҳ кўчада белгиланган масофа бўйича югуришга старт берилди.
Мусобақага вилоятнинг спорт мутахассислари судьялик қилишди. Ниҳоят, югуришда ҳамкасбларидан ўзиб, маррага барвақт етиб келганлар ғолиб деб топилдилар. Бош врачлар гуруҳида Поп туманидан Давронбек Эшонхонов, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалидан Ҳамидулло Устабоев, Чуст туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Насиба Бозоровалар фахрли ўринларни эгаллашди. Тўрақўрғон туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи Юнусхон Абдупаттоев фаол раҳбарлар қаторидан ўрин олди.
Шунингдек, Ойбек Шарипов, Саодат Жалилова, Фарида Юсупова каби врачлар, Умидбек Йўлчиев, Жавоҳир Аҳмедов, Достонбек Маматхонов, Дилбар Иброҳимова, Гулхумор Умарова ва бошқа шулар сингари чаққон фельдшер ва ҳамширалар югуриш ғолиблари сифатида эътироф этилдилар.
Марафон пешқадамларига вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда ОИТСга қарши курашиш марказининг Фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совринлари тантанали топширилди.
Тадбирни ўтказишда шаҳар ва туманлар касаба уюшма қўмиталари яқиндан кўмаклашдилар. Марафоннинг кўплаб фаоллари улар томонидан турли-туман эсдалик совғалари билан сийландилар.
Содиқ САЙҲУН
* * *
Вилоят мусиқали драма театри саҳнасига «Биз - ОИТСга қаршимиз!» шиори бежиз илиб қўйилмаган эди. Чунки, залга вилоятимиз шаҳар ва туманлари тиббиёт бирлашмалари ва даволаш-профилактика муассасаларининг бош врачлари, хотин-қизлар қўмитаси раислари, имом-хатиблар, ички ишлар идоралари вакиллари, халқ таълими ходимлари, маҳалла фаоллари, талаба ва ўқувчилар тўпланишганди. Вилоят ҳокимлиги, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳамда вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази томонидан ташкилланган тадбир ғоят долзарб муаммога бағишланди.
Бадиий композицион анжуманни вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқорова қисқача кириш нутқи билан очди ва олиб борди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов 1 декабрь - Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш куни билан йиғилганларни қутлади. Инсон саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзига эришиш мамлакатимизда энг муҳим вазифалардан бўлиб қолаверишини алоҳида таъкидлади, Вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази бош врачи Раҳмонжон Абдуллаев вилоятда ОИВ нинг, яъни аср вабосининг олдини олиш бўйича амалга ошириб келинаётган ишлар ҳақида маъруза қилди.
Сўнгра ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари сўзга чиқишди. Чуст туман ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўринова, вилоят ички ишлар бошқармаси ходими Рустамжон Жўраев, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳибаси Инобат Дадамирзаевалар мазкур йўналишда олиб борилаётган ишларни таҳлил қилишиб, барчанинг диққат-эътиборини мавжуд муаммоларни изчил ҳал этиш вазифаларига қаратишди.
Учқўрғон туман маданият бўлими ходимлари томонидан намойиш этилган "Фожеа" номли саҳна кўриниши айниқса тадбир таъсирчанлигини таъминлади.
Шунингдек, ОИТСга қарши тарғиботда фаол қатнашиб келаётган бир гуруҳ ёшларга Фаҳрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди. Жумладан, Учқўрғондаги ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати 10-синф ўқувчиси Муҳаммадқодир Абдумажидов "Биз - ОИТСга қаршимиз" мавзуида мойбўёқда ишланган асари учун, Наманган давлат университети санъатшунослик факультети талабалари Ҳидоят Низомжонова, Дилором Расулова ва Шаҳзод Бурҳоновлар "Аср вабоси" туркум расмлари учун муносиб тақдирланишди.
Манзура ЭРГАШЕВА.