3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни муносабати билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги муассасалар жамоалари ногиронлиги бўлган инсонларга хизмат кўрсатувчи масканларга ташриф буюришди. Жумладан, ўнлаб даволаш-профилактика муассасаларининг вакиллари Поп туманидаги "Мурувват" эркаклар интернат уйида бўлиб, бу даргоҳда даволанаётган кишиларнинг кўнглини кўтаришди. Уларга совғалар улашишди.
Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида ҳам байрам тадбири ташкилланди. ВБКТТМ бош шифокори Абдумалик Раҳмонов саломатлигини тиклаётган болаларни қутлуғ сана билан муборакбод этди.
Наманган шаҳридаги психофизик ривожланиши бузулган болаларга ихтисослаштирилган типдаги болалар уйида кечган тадбир ҳам байрамона тус олди. Бу ерда парваришланаётган болаларга мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, ташкилотлар ва муассасаларнинг вакиллари байрам туҳфаларини тақдим этдилар.
Тадбирда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров иштирок этди.
- 3 декабрь - "Халқаро ногиронлар куни" муносабати билан Наманган шаҳар ва барча туманларда байрам тадбирлари ўтказилди. Ресторан ва ошхоналарда байрам дастурхонлари ташкилланиб, ҳудудий ҳокимликлар, ҳомийлар кўмагида тадбирга жалб этилган имкониятлари чекланганлар, ногиронлиги бор шахслар, якка ёлғизлар ва моддий кўмакка муҳтожларга эсдалик совғалари берилди. Шунингдек, тадбирлар давомида 600 дан ортиқ муҳтожларга реабилитация техник воситалари (ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, хасса, қўлтиқтаёқ ва бошқалар) тарқатилди, - дейди Тиббий-ижтимоий хизматлар Наманган бўлими раҳбари Нурмуҳаммад Турғунов.