Маълумки, 3 декабрь - Халқаро ногиронларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлаб келинади. Вилоятимизда ҳам ўзгалар меҳр ва эътиборига муҳтож инсонларни маънан ва моддий рағбатлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ҳудудий бўлинмаси жамоаси ҳам бу хайрли ҳаракатда фаол иштирок этмоқда.
Миллий палата ҳудудий бўлинмаси директори Ирода Мусаева раҳбарлигидаги жамоа вакиллари қатор савобли тадбирларнинг ташкилотчиси сифатида турли масканларга ташриф буюришди. Жумладан, Наманган шаҳридаги "Саховат" кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар интернат уйида яшовчилар ҳузуридаги мулоқотлар кўнгли ўксик ва меҳр-мурувватга эҳтиёжманд қарияларни бағоят мамнун этди. Меҳмонлар кекса ёшдаги отахон ва онахонларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга кийим-кечаклар ва оёқ кийимлари совға қилишди.
- Кўрсатилган илтифотдан жуда ҳам хурсандман. Шундай саховатли инсонларнинг кўплигига шукур. Уларга омад ёр бўлсин, - дейди биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган Обиджон Фахриддинов.
Миллий палата вакиллари Наманган шаҳридаги психофизик ривожланиши бузилган болаларга ихтисослаштирилган типдаги болалар уйида ҳам бўлиб, меҳрга зор чақалоқ ва болакайларнинг шодлигига шодлик қўшдилар. Болалар учун турли совға-саломлар туҳфа этилди.
- Хайрли ишларимиз кўлами бундан ҳам кенг,- дейди И.Мусаева. - Миллий палата Имконияти чекланган ёшлар ва болалар маркази билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманидаги Хадикент, Боғ, Гулистон маҳаллаларида яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар истиқомат қилаётган уйларга бориб ногиронлик аравачалари топширди. Шунингдек, уларга совғалар ва эртак китоблари вилоят ҳокимлиги номидан туҳфа этилди.
Абдулла ҒОЗИЕВ.