Халқаро сана муносабати билан Чуст тумани ҳокимлигида ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда кўмакка муҳтож якка-ёлғизлар учун адабий-мусиқали байрам тадбири ташкилланди.

Тантанали маросимни туман ҳокимининг ўринбосари Жамшид Баҳодиров табрик нутқи билан очди. Туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин - қизлар қўмитаси раиси Дилфуза Ўринова, туман тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбаси бошлиғи Алишер Рўзимбоев ва бошқалар ҳам йиғилганларни байрамлари билан чин дилдан самимий қутлашди.

Шундан сўнг вилоят тиббий-ижтимоий хизматлар бўлими мутахассислари - Севара Ғозиева ва Дилшод Расуловлар туманда йилнинг "Энг яхши ижтимоий ходими" эътирофига сазовор бўлган Нодира Мусахоновага Фахрий ёрлиқ ва эсдалик сов­ғаларини топширишди.

Тадбирда Муҳибжон Раҳимов билан Маъмутали Ахмедовларга ногиронлар аравачаси берилди. Шунинг­дек, кийим-кечак, рўзғор анжомлари, қўлтиқтаёқ, ҳасса, ходунок, эшитиш аппаратларининг ҳам тарқатилганлиги кўнгли кемтик инсонларни янада ҳушнуд этди.

Ўз мухбиримиз.