Сарлавҳани ўқибоқ таажжубланган бўлсангиз керак. "Кўл-ҳовуз" эндиликда кўл-ҳовуз эмас. Жойнинг номига айланиб кетган. Бундан эллик йиллар муқаддам асли номини ифодалар эди. Истиқлол йилларига келиб, унинг ўрнида обод гузар барпо этилди. Кўплаб тадбиркорлик шахобчалари очилди. Хулласи калом, Бураматутнинг энг гавжум гўшаларидан бири тусини олди. Худди шу жойдаги янги хусусий шифохона ҳам унинг номи билан атала бошлади. Бунга унча кўп бўлгани йўқ. Ўтган ойнинг бошларида - тиббиёт ходимлари байрами арафасида "Кўл-ҳовуз" шифоталабларга ўз бағрини очди.

Янги хусусий тиббий муассасанинг бош врачи Фарида Нишоновадир. Бу аёлни тўрақўрғонликлар меҳридарё педиатр сифатида яхши танишади. У ўттиз етти йилдан буён болалар саломатлигини сақлаш йўлида ҳормай-толмай хизмат қилаётир. Ҳатто, пенсия ёшига етса ҳам меҳнат фаолиятини тўхтатишни хаёлига келтирмади. Ўқиш-ўрганишдан чарчамади. Ўтган йили Тошкент врачлар малакасини ошириш институтига тиббий сабоғини янада мустаҳкамлаш ва бойитиш ниятида борди. Гуруҳдаги касбдош аёллардан бирининг "Менинг хусусий шифохонам ҳам бор, давлатимиз шунчалик имконият яратаётган экан, ундан фойдаланиб, сиз ҳам ўз муассасангизни очсангиз, халқ учун нафингиз бундан-да кўпроқ тегарди" деган сўзларидан ғоят таъсирланиб қайтди. Оиласи аъзолари жамулжам бўлишганида кўнгилдаги эзгу ниятини ўртага ташлади.

- Биз ҳомийлик қиламиз, - деди онасини қўллаб-қувватлаб катта ўғли Ғайратжон.

- Акам иккимизга қўйиб қўйинг молиявий, иқтисодий масалаларни ҳал этишни, - деди кичиги Талъатжон ҳам рағбат ёғдириб.

Орадан кўп ўтмади. Қисқа фурсатда шифокор онанинг мақсади рўёбга чиқди.

Хушхабар қалам аҳлини ҳам тинч қўймади, албатта. Янги хусусий шифохонага йўл олдик. Тўрақўрғон-Жомашўй автомагистрал йўлининг шундоққина чап ёқасидаги муассаса рўпарасига борибоқ ойнасидаги "УЗИ", "ЭКГ", "Дорихона" ёзувларига кўзимиз тушди. Сўнг "Қабулхона"си остонасидан ҳатладик. Ёруғ, озода ва шинам. Ички ҳовлисига ўтиб, беихтиёр ҳайратландик. Худди санаторий қиёфаси намоёнланди. Чиройли йўлаклар, гулзорлар, шийпончалар, тўрт фаслда ҳам кўркам рангини ўзгартирмайдиган манзарали дарахтлар. Ҳаммаёқ топ-тоза, саранжому саришта. Уч тарафида даволаш, бир ёнида маданий-маиший хоналар.

- Шифохонамизда 26 нафар тиббиётчиларга янги иш ўринлари яратдик. Амбулатор муолажалар билан биргаликда бир йўла 32 нафар беморни стационар шароитда даволаш имкониятига эгамиз, - деди Фарида Нишонова.

"Кўл-ҳовуз"нинг эътиборга лойиқлиги унинг кўптармоқлилигида. 10 нафар врач турли ихтисосликларга эга. Терапевт, кардиолог, невролог, уролог, педиатр, стоматолог, акушер-гинеколог ва бошқа мутахассислардан иборат жамоа ҳамқишлоқлар хизматида. Энг замонавий диагностика-даволаш аппаратларигача муҳайё.

- Бураматут қишлоғидангина эмас, Бордимкўлдан, Шаҳанддан, Ахсидан, ҳатто қўшни туманлардан шифоталаблар келишмоқда,- дейди олий тоифали невролог Ёқубжон Бозоров. - Муассасанинг барча врачу, ҳамширалари юқори малакага эгалар. Беморлар учун зарур қулайликлар мавжуд. Лабораторияда керакли таҳлиллар ўтказилади. Физиотерапия хонасидаги муолажалар янада самарали. Мақсадимиз халқимиз саломатлигини сақлашга фаол ҳисса қўшиб, Президентимизнинг доимий ғамхўрликларига муносиб жавоб берган ҳолда қишлоқда ҳам тиббий хизматни жаҳон андозалари даражасига кўтаришдир.

Содиқ САЙҲУН