Ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбасида мамлакатимизда Тиббиёт ходимлари куни кенг нишонланади. Саломатлик посбонларининг жорий йилдаги касб байрами ҳам зўр шоду ҳуррамлик билан тантана қилинди. Жумладан, вилоятимиз соғлиқни сақлаш тизимининг бир гуруҳ фаоллари Наманган шаҳридаги " Шодиёна" тантаналар мажмуида жамул-жам бўлдилар.
Тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Хайрулла Бозаров йиғилганларни байрам билан қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг тақдирлаш жараёнлари бошланди. Қутлуғ сана арафасида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини халқаро андозалар асосида ривожлантириш, соҳага доир дастурлар ижроси муваффақиятини изчил таъминлаш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, илғор хорижий тажриба ва замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг татбиқ этиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, аҳоли саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини мустаҳкамлаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, ёшларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, чуқур билим ва юқори малакага эга мутахассисларни тайёрлаш йўлидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун давлатимиз раҳбарининг Фармонига мувофиқ бир гуруҳ илғор тиббиётчилар юксак мукофотлар билан тақдирланган эди.
Жумладан, Наманган тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ бўлими неонатологи Ширмонхон Мамадумаровага I даражали "Соғлом авлод учун" ордени, Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасининг болалар бўлими педиатри Эдем Фетиевга "Дўстлик" ордени, Косонсой тумани тиббиёт бирлашмасининг ички касалликлар бўлими ҳамшираси Раъножон Досматова ва Наманган вилояти болалар силга қарши курашиш санаторийси ҳамшираси Ёқутхон Муҳитдиноваларга "Шуҳрат" медали берилди. Байрам кечаси ана шу фидойи инсонлар шарафланди ва уларга эсдалик совғалари туҳфа этилди.
Тиббиёт соҳасида узоқ йиллар самарали хизмат қилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган ва жамоат ишларидаги фаоллиги билан танилган соҳа илғорларидан бир гуруҳи вилоят ҳокимининг Фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Вилоят ҳокими йиғилганларнинг гулдурос қарсаклари остида Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва барча туманлар тиббиёт бирлашмаларига "Нексия-3" ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига "Жентра" русумли янги хизмат автомобилларининг калитларини топширди.
Шу куни йилнинг энг намунали шифокори кўрик-танлови номинациялари бўйича ғолиблар ҳам аниқланди. Бир гуруҳ ўз касбининг усталарига эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.
Таниқли санъаткорлар ва ёш ижрочиларнинг чиқишлари байрамга ҳушкайфият ато этди.