Солижон МЎМИНОВ,

вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

 

Истиқлол йилларида бутун мамлакатимизда бўлгани каби Наманганда ҳам турмушнинг барча жабҳаларида, айниқса ижтимоий-иқтисодий соҳаларда беқиёс ўзгаришлар рўёбга чиқарилди. Бинобарин, тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантиришда бир қатор муваффақиятларга эришилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Айни пайтда Наманган вилоятида 219 та давлат бюджетидан молиялаштириладиган тиббиёт муассасалари фаолият юритмоқда. Шуниси диққатга сазоворки, давлат тиббиёт муассасалари билан бирга хусусий сектор ҳам илдам ривожланиб бормоқда. Вилоятда сўнгги икки йилда 70 дан зиёд нодавлат тиббиёт масканлари очилиб, жами 351 тага етди. Бугун улар ўзининг юксак салоҳияти, қўллаётган илғор даволаш-диагностика технологияли даво усуллари ор­қали давлат тиббиёт муассасалари билан бемалол рақобатга киришяпти. Бунинг натижасида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати кескин кўтарилмоқда.

Кейинги йилларда тиббиётга юқори технологик амалиётларни татбиқ этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Хорижда ва пойтахт Тошкентда амалга ошириладиган ўнлаб мураккаб жарроҳлик операциялари Наманганда ўтказиляпти. Вилоят кардиология маркази, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят онкология ва эндо­кринология диспансерларида ва бошқа тиббиёт муассасаларида бу йўналишда изчил иш олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, вилоятимиз тиббиётини янада равнақ топтириш масаласи доимий диққат марказимизда. Ин­вес­тиция дастури доирасида таъмирланаётган, "Обод марказ", "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари асосида янги қиёфага кириб бораётган соғлиқни сақлаш бино ва иншоотларининг сони тобора ортмоқда. Жорий йилда бу мақсадлар учун 54 та муассасага 107,9 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилаётганлиги ҳам соҳа моддий-техник имкониятлари кескин яхшиланишида муҳим омил бўлиши шубҳасиздир.

Хорижлик мутахассислар билан ўзаро манфаатли алоқаларни тобора тараққий эттириш бош мақсадимизга айланган. "ХХI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишида инвестиция ва инновацияларнинг роли" мавзуидаги Халқаро форум вилоятимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берди, десак муболаға қилмаган бўламиз.

Халқаро тиббиёт ва фармацевтика форуми кунлари ўнлаб мамлакатларнинг таниқли олимлари, мутахассислари билан биргаликда ташкилланган илмий анжуманлар, олиб борилган юқори технологик жарроҳлик амалиётлари боис Наманган тиббиёти юксалиш сари дадил одимлаганлиги айни ҳақиқатдир. Бинобарин, хорижлик ва мамлакатимиз клиникалари шифокорлари ҳамкорлигида вилоят тиббиёти тарихида биринчи бор буйракни кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилганлиги, айни пайтда бундай юқори технологик операциялар мунтазам олиб бориладиган алоҳида бўлим очиш тараддудига киришганимиз фикримизнинг яққол далилидир.

Аҳамиятлиси, форум доирасида ўнлаб чет эллик сармоядорлар билан тиббиёт ва фармацевтикага оид меморандумлар имзоланди. Жумладан, умумий қиймати 92,7 миллион АҚШ долларини ташкил этган 22 та келишувлар имзоланди. Келишувлар дунёнинг 10 та давлат ишбилармон доира вакиллари билан тузилди.

Наманганлик шифокорлар хориждаги илғор тажрибаларни, тиббиёт ютуқларини ўз фаолиятида самарали қўллаш сари интилмоқдалар. Бугунги кунда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 5 нафар тиббиёт фанлари доктори, 30 нафардан ортиқ фан номзоди хизмат қилмоқда. Ўнлаб ёшлар илмий изланишлар олиб бо­риш­япти. Наманганда Россиядаги Урал давлат тиббиёт университетининг филиали очилди. Ўтган ойда эса АҚШнинг Мичиган университети клиникаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Қисқаси, вилоятимиз соғлиқни сақлаш соҳаси юксак суръатлар билан тараққиёт сари дадил одимламоқда. Унинг ютуқлари салмоғи ортиб бораётганлигида фидойи шифокорларимизнинг, тиним билмас ҳамшираларимизнинг, кўп сонли кичик тиббиёт ходимларимизнинг хизматлари беқиёсдир.

Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимизнинг барча соғ­лиқни сақлаш ходимларини яқинлашиб келаётган қутлуғ айём билан самимий қутлайман. Халқимиз розилигига эришиш борасидаги эзгу ишларида омадлар ёр бўлсин!