Наманган вилояти сайлов комиссияси ва Халқаро матбуот марказининг Наманган вилояти бўлими томонидан ўтказилган навбатдаги брифингда журналистларга сайловолди тарғиботига тааллуқли масалалар борасида олиб борилаётган ишлар ва олдинда турган вазифалар юзасидан кенг маълумотлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан тасдиқланган тадбирлар дастурига мувофиқ Наманган вилоятида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларга тайёргарлик ишлари изчил давом эттирилмоқда.

Жумладан, сайловларнинг тенглик, холислик, очиқ ва ошкоралик, адолат ҳамда эркинлик тамойиллари асосида ўтишини таъминлаш, сайловлар бўйича аҳолининг ҳуқуқий билим ва маданиятини ошириш, сиё­сий партияларнинг сайловолди дастури ва платформасида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларини тар­ғиб қилишда бу борада оммавий ахборот воситаларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари муассислигидаги газеталар муҳаррирлари, марказий даврий нашрларнинг вилоятдаги мухбирлари, сиёсий пар­тия­ларнинг вилоят кенгашлари раислари иштирокида ўтказилган брифингда вилоят сайлов комиссияси томонидан маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимларини аккредитациядан ўтказиш борасидаги ишларнинг бориши юзасидан маълумот берилди.

Шунингдек брифингда сиёсий партияларга давлат оммавий ахборот воситалари томонидан сайловолди ташвиқоти жараёнларида бепул босма нашр майдони ва эфир вақти ажратиш, "Наманган ҳақиқати", "Наманганская правда", туман ва шаҳар ҳокимликликларининг нашрлари, вилоят телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ишлаш тартиби, "Сайлов-2019" видеороликлар танловини вилоятда ташкил этиш масалалари тўғрисида тушунчалар берилди.

Акрамжон САТТОРОВ.