Навбатдаги машғулот Республика онкология илмий амалий марказининг онкология бўлими илмий раҳбари, тиббиёт фанлари номзоди профессор Наргиза Юлдашева бошчилигида вилоят онкология диспансери онкогинекологлари иштирокида ташкилланди.
- "Маҳорат дарслари" икки кун давом этиб, онкогинекология соҳасидаги энг катта ҳажмда ўтказиладиган операциялардан бири - Вертгейм операцияси кўргазмали равишда, замонавий модификацияда олиб борилди. Яъни бачадон экстирпацияси регионер лимфа тугунлар лимфодекцияси, тухумдонлар транспозицияси билан ўтказилиши ҳам тиббиёт соҳасидаги янгиликлардан бири, - дейди вилоят онкология диспансерининг бош шифокори Муяссар Эргашева.
Биринчи операция "Бачадон бўйни хавфли ўсмаси" ташҳиси билан 37 ёшли аёлда олиб борилиб, ижобий натижага эришилди. Кейингиси "Бачадон танаси хавфли ўсмаси" ташҳиси билан диспансеримизда даволанаётган беморда муваффақиятли амалга оширилди. Ҳар икки жарроҳлик амалиётида ўзим ҳам иштирок этиб, соҳага оид кўплаб янгиликларни билиб олдим.
Кўргазмали операциядан сўнг профессор Наргиза Юлдашева ҳамда Республика онкология илмий маркази бош врачи ўринбосари, тиббиёт фанлари номзоди Одилжон Аҳмедов билан "Амалиётда врачлик хатолари таҳлили" мавзусида қизиқарли семинар ўтказишди. Савол-жавоблар чоғида онкогинекологиянинг долзарб масалалари юзасидан атрофлича фикрлашиб олинди.
Рустамали МАМАДАЛИЕВ.