Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини давр талаблари асосида ривожлантириш, соҳа бошқаруви иш услубларини халқаро андозаларга мос равишда такомиллаштириш борасида изчил изланилмоқда. Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан ҳамкорликда татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳалар фикримиз далилидир. Жумладан, шифокорлик фаолиятини лицензиялаш тартибини жорий этиш бўйича яратилган тизим ҳозирги кунда тиббиёти энг тараққий этган мамлакатларда ҳам мавжуд эмас.
Яқинда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мажлислар залида Наманган шаҳар ва барча туманлар тиббиёт бирлашмалари, вилоят ихтисослаштирилган даволаш-профилактика мууассасалари раҳбарлари, кадрлар бўлимлари бошлиқлари иштирокида ташкилланган анжуманда шу ҳақда сўз борди. Семинарни вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов бошқарди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси раиси Ровшан Изамов тизимда кечаётган ислоҳотлар баробарида тиббиёт ходимлари, айниқса шифокорлар ишини лицензиялаш масаласига ҳам навбат келганлигини таъкидлаб, бу йўналишга доир хориж тажрибасига эътиборни қаратди. Унинг айтишича, ишлаб чиқилган лойиҳадаги устун жиҳатлар хатто Англия тиббиётида ҳам қўлланилган эмас.
Лойиҳа асосчиси - Online Service Group раҳбари Алишер Ачилов янги тизимнинг ўзига ҳос афзалликлари хусусида батафсил тушунча берди. Бинобарин, врачлар ҳақидаги маълумотлар жамланган ID-kart Интернет тармоғига киритилган бўлиб, ундан соғлиқни сақлаш муассасалари ва барча аҳоли ҳам хабардор бўлиш имкониятига эга. Муфассалроқ таърифлаганда, врачнинг қайси олийгоҳни қачон тамомлагани, қандай ихтисосликка эга бўлганлиги, тоифаси ва илмий даражаси бўйича маълумотлар базаси ишлаб чиқилган.
Ҳозир республикамиздаги барча тиббиёт олийгоҳлари битирувчиларига оид маълумотлар йиғилди. Лицензиялаш жараёнида уларнинг хизмат фаолиятига оид маълумотлар билан тўлдирилса бас, ҳамма нарса ойдинлашади. Бунинг натижасида нафақат шифокорлар ҳақидаги ахборотлар жамланади, балки беморларнинг врачлар хизматидан кафолатли фойдаланишларига шароит яратилади, қолаверса мутахассисларни ҳудудларга оқилона жойлаштириш ва улар иши самарадорлигини оширишга оид таҳлилларни ўтказиш учун ҳам тўлақонли манбаага эга бўлинади.
Инновацион миллий палата ҳудудий бўлими мутахассиси Акмалжон Ҳамиджонов ID-kartга зарурий маълумотларни жойлашнинг техник имкониятлари, яъни расм, электрон имзо ва паспорт нусхасидаги ахборотларни киритиш усулларини амалда кўрсатиб берди.
Семинар қатнашчилари лойиҳа яратувчиларидан янгиликка дахлдор саволлар юзасидан жавоблар олишди.
Янги ахборотлаштирилган тизимнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ID-kart хотирасидаги маълумотлардан ўта қисқа фурсатда хабардор бўлиш мумкин. Яна бир устунлик - мана шу восита ёрдамида шифокор мамлакатимизнинг исталган ҳудудида ўзи ҳақидаги тасдиқланган маълумотларни сўралган муассасага тақдим этишга қодир бўлади. Ундан бошқа ҳужжатлар талаб этилмайди. Янги технологияни келгуси йилда бутун мамлакатимиз бўйича амалга ошириш мўлжалланмоқда.
Абдулла ҒОЗИЕВ.