Бунга "ANAMED" диагностика марказида барча имкониятлар яратилган

 

Тадбиркор Носирбек Абдуллахонов томонидан Наманган шаҳрида ташкил этилган "ANAMED" диагностика маркази иш бошлаганига икки йил бўлди. У 2014 йилда нейрожарроҳлик йўналишида хусусий диагностика маркази ташкил қилиш ташаббусини бошлади. Ташаббус ўз вақтида вилоят ҳокимлиги ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан қўллаб-қувватланди. Наманган шаҳри марказидан қурилиш учун ер майдони ажратилди. Икки йил давом этган бунёдкорлик ишлари натижасида замонавий архитектура, энг асосийси, бугунги давр тиббиёт муассасаларига қў­йилган талабларга тўлиқ жавоб берадиган тўрт қаватли диагностика маркази қад ростлади. Давлатимиз раҳбари ҳам Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу марказ фаолияти билан танишди.

"ANAMED" диагностика клиникаси раҳбари, «Дўстлик» ордени соҳиби Носирбек Абдуллахонов билан бўлган суҳбатимиз вилоят тиббиётида қўйилган бу дадил қадам, клиникада яратилган шароитлар, диагностика ва даволаш жараёнида эришилаётган ютуқлар хусусида кечди.

-           Носирбек Абдурашитович, нега айнан тиббиёт соҳасида тадбиркорлик ишини йўлга қўйдингиз? Бунга нима сабаб бўлган эди? Бу саволни беришимнинг боиси, мазкур йўналиш жуда катта маблағ ва салоҳиятни талаб этади.

- Анча йиллар олдин умурт­қам шикастланиб, Москвада даволанишимга тўғри келди. Шунда "Шу муолажаларни нега ўзимизда ўтказиш мумкин эмас? Қачонгача юртдошларимиз узоқларга бориб даволанади? Ахир, ҳозир тиббиёт соҳасида ҳам хусусий секторга кенг имкониятлар яратилмоқда-ку!" деган фикр миямга ўрнашиб қолди. Ўша ерда ўзим даволанаётган шифохонадаги мутахассислар билан маслаҳатлашдим... Хуллас, фикр ғояга, ғоя лойиҳага айланиб, Москвадан Наманганда хусусий клиника очиш мақсади билан қайтдим.

Марказ ўз фаолиятини бошлагандан буён икки минг­дан зиёд беморга хизмат кўрсатди. Нейрожарроҳлик, неврология, кардиология, урологияга ихтисослашган марказимиз энг илғор диагностика ускуналари ва бошқа тиббий асбоблар билан жиҳозланган. Жумладан, охирги авлод УТТ аппарати ташхис аниқлиги ва функционал имкониятлари нуқтаи назаридан мамлакатимизда қўлланилаётган саноқли ускуналардан бири. Шунингдек, марказнинг лаборатория, невропатология, радиология, эндокринология бўлимларида ҳам General Еlektrik, Siеmens каби машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган тиббиёт техникалари воситасида юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Кўчма рентген, нейрожарроҳлик столи, анестезиология ускунаси, микроиқлим ҳосил қилиш, ёритиш, сунъий нафас олдириш ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича энг замонавий қурилмалар билан жиҳозланган иккита жарроҳлик блокида жаҳон андозалари даражасида жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин. Жонлантириш хоналари автоном коммуникация тизими билан таъминланган, бу хоналарда муайян беморга қулай ва зарур иқлим шароити ҳосил қилиб берилади.

Бундан ташқари, шифо масканига "Siemens Acison SC 2000" русумли кардио-УЗИ, Буюк Британиянинг "BTL" компаниясида ишлаб чиқарилган физиотерапия муолажаси, Швециянинг "Mirevarra" компаниясининг операция столи ва лампаси, Япониянинг "Fiji film" компаниясининг рақамли рентген каби замонавий ускуналари келтириб ўрнатилди.

-           Асосан компьютерлаштирилган юқори технологияли тиббиёт аппаратуралари билан ишлай оладиган мутахассис бўлмаса, УЗИ, МРТ каби бош­қа барча ускуналар ҳам кутилган натижани бермайди. Хўш, бу масалага эътибор қандай?

- Кадрлар малакасини ошириш, илмий-амалий ҳамкорлик бўйича Қозон шаҳрининг минтақалараро клиник диагностика маркази билан меморандум имзоладик. Шифокоримиз Ботир Юнусов у ерда малака ошириш курсини ўтаб келди ва ўзлаштирган билим ва маҳоратини ҳозир ўзимизнинг шифокорлар билан ўртоқлашмоқда. Шунингдек, россиялик мутахассислар билан юз, бош чаноқ суяклари имплантацияси амалиётини йўлга қўйиш борасида иш олиб бораяпмиз. Бу мавзуда Россия Федерацияси орқа мия нейрожарроҳлар ассоциацияси президенти Андрей Басков раҳбарлигидаги гуруҳ иштирокида семинар ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Марказга, шунингдек, ҳиндистонлик шифокор, доктор Парамжит Сингхни шарт­нома асосида ишга таклиф қилганмиз. У эндокрино­логия ва кардиология касалликларини даволаш бў­йи­ча Ҳиндистонда қўлга киритилган тажрибаларни биз­нинг клиникамизда амал­да қўлламоқда. Парамжит Сингх анъанавий усуллардан фарқ­ли равишда касалликнинг ўзини эмас, балки унинг илдизи ва асоратларини ҳам даволашга алоҳида эътибор қаратади. Яна даволашда укол, осма укол каби инъектив игна санчиш усулларидан фойдаланмасдан, фақат шифобахш гиёҳлардан тайёрланган таблеткалар билан беморни соғломлаштиради.

Бир сўз билан айтганда, муассасада замонавий ускуналар билан ишлай оладиган малакали кадрлар жамоасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада илмий-амалий ҳамкорлик бўйича Буюк Британия, Япония, Россия Федерациясидаги етакчи диаг­нос­тика марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилган.

Ҳозир диагностика маркази бош шифокори Эркин Мирҳидоятов раҳбарлигида қорин бўшлиғидаги хасталикларда лапароскопик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш борасида изланиш олиб бориляпти.

-           Наманганда бўлиб ўтган "XXI асрда тиббиёт ва фармацевтикани ривожланишида инвестиция ва инновациянинг роли" мавзуига бағишланган хал­қаро форум иштирокчилари Наманган шаҳридаги "ANAMED" хусусий клиникасида ҳам бўлдилар. Форумдан сўнг сизда қандай режалар туғилди?

-           Форум доирасида клиникамизда "Нейрохирургик ва урологик касалликларни жарроҳлик йўли билан даволашда инновацион ва миниинвазив даволаш усуллари" мавзусида секция иши бўлиб ўтди. Унда етакчи мутахассисларнинг илмий маърузалари тингланди. Шу куни ўқув марказини ҳам очдик. Ушбу марказга келгусида нафақат вилоятимиз, балки бутун мамлакат ва жаҳон тиббиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаётган олимлар таклиф этилиб, улар иштирокида ўқитиш ишларини олиб бориш назарда тутилган.

Шунингдек, форум иштирокчилари янги ташкил этилган мобиль поликлиника билан ҳам танишдилар. Мобиль поликлиника замонавий тиббий аппаратуралар билан жиҳозланган бўлиб, эндиликда биз вилоятнинг энг чекка ҳудудларига ҳам бориб, у ерда яшовчи аҳолини мукаммал тиббий текширувдан ўтказиш имконига эгамиз. Бундай янги инновацион ғоя ва ташаббусларимиз замирида аҳоли саломатлигини самарали муҳофаза қилиш, оғир турдаги касалликларни вилоятнинг ўзида даволашни ташкил этиш, аҳолига ҳар жиҳатдан қулайлик яратишдек мақсад мужассам.

-           Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат. Келгуси фаолиятингизда муваффақиятлар ҳамроҳ бўлсин!

Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.