Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 июлда "2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Рсспубликасида дерматовенерология хизматини янада ривожлантириш бў­йича чора-тадбирлар тўғрисида"ги 563-сонли қарори ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 сентябрда "Кам учрайдиган (орфан) ва бош­қа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4440-сонли Қарори қабул қилинган. Ана шу ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида вилоятимизда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

 

Яқинда республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази кўрсатмаси билан Россия Федераци­я­сининг И.М. Сеченов номидаги Мос­ква Биринчи Давлат тиббиёт университети дерматовенеролог шифокорларидан Наталия Марўчева, Анастасия Сабитова, Н.Ф. Филатов номидаги болалар клиник шифохонаси мутахассислари Маргарита Гехт, Лидия Делишевская ҳамда болалар шифокори Алексей Туркин, вилоят тери-таносил касалликлари диспансери бош врачи Яҳёжон Айтуғдиев, шу диспансер бўлим мудири Равшаной Жўраева ва бошқалардан иборат тор доирада ихтисослаштирилган мутахассислар гуруҳи аъзолари Янгиқўр­ғон ва Косонсой туманларидаги аҳоли ўртасида буллез эпидермоализ ва ихтиоз хасталикларига чалинган беморлар оилаларига ташриф буюришди ва чуқурлаштирилган тиббий-кўриклар ўтказишди.

 

Куннинг иккинчи ярмида улар вилоят эндокринология диспансери мажлислар залида ташкил этилган давра суҳбати чоғида ушбу хасталикка чалинган болалар ҳолати, даволаш усуллари, мазкур касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, аниқлаш ва муолажа кўрсатиш тартиблари тўғрисида вилоят даволаш-профилактика муассасаларидан ташриф буюрган дерматолог, педиатр, эндокринолог, онколог ва бошқа соҳа вакилларига сўзлаб бердилар. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар қайтаришди.

 

- Бу каби хаталиклар асосан ирсий йўл билан келиб чиқади, - дейди вилоят тери-таносил касалликлари бош врачи Я. Айтуғдиев. - Шунинг учун ҳам яқин қариндошлар ўртасида никоҳ алоқаларини боғлашнинг охири ҳар доим ҳам яхшилик билан тугайвермайди. Бизда бундай беморларга махсус хизмат кўрсатиш, дори-дармонлар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда. Лекин муолажанинг бу тури шифокордан ҳам, беморнинг ота-оналаридан ҳам алоҳида парвариш усулларини бажаришни талаб қилади.Россиялик шифокорлар бу жабҳада етарли тажриба тўплашган. Уларнинг маслаҳатлари барча тиббиёт ходимлари учун аҳамиятлидир.

 

М. АКМАЛОВ.