Наманган вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва тезкорлигини ошириш борасида изчил иш олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ташаббуси билан татбиқ этилаётган соғлиқни сақлашнинг намунавий тизимини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ижобий самаралар бераётир.
Жорий йилда Наманган шаҳар ва Янгиқўрғон туманлари тиббиёт бирлашмалари танлаб олиниб, улар негизида намунавий тиббий хизмат кўрсатиш тизимини шакллантириш кўзда тутилган эди. Шу тариқа вилоят марказидаги ва Янгиқўрғондаги тиббиёт муассасалари ишини давр талаблари асосида ташкил этиш, уларнинг моддий-техник имкониятларини ривожлантириш, соҳага ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Йўл харитасига кўра Наманган шаҳридаги 14-оила поликлиникасида ва Янгиқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникасида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб, улар фаолияти намунавий тизим талабларига мувофиқ такомиллаштирилди. Яқинда вилоят миқёсида ўтказилган кўргазмали анжуманда соғлиқни сақлашнинг бирламчи тизими ишини бугунги кун талаблари асосида ташкил этиш борасида тўпланган тажрибалар оммалаштирилди.
Семинар дастурига мувофиқ бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида инновацион технологияларни жорий этиш борасидаги изланишлар кўрсатилди. Бинобарин, "Электрон поликлиника" хизмати йўлга қўйилганлиги эътиборга моликдир. Янгилик шарофати билан аҳолига беқиёс қулайликлар яратилди. Энди одамлар тиббий хизматга эҳтиёж сезсалар поликлиникага келмасдан туриб, интернет орқали шифокор навбатига ёзилишлари, белгиланган вақтда врач қабулида бўлишлари мумкин.
Эски тартибдагидек, тиббий карталарни рўйхатхонадан қидиришга ҳожат қолмади. Чунки "Электрон поликлиника" автоматлаштирилган ахборот тизимини ишга тушириш олдидан поликлиникалар хизмат кўрсатадиган маҳаллаларда яшовчилар тиббий карталаридаги маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги корпаратив тармоғидаги электрон базага киритилган эди. Бундан ташқари беморлар мамлакатимизнинг қайси шаҳри ёки туманида бўлишларидан қатъий назар шу ҳудуддаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасасига мурожаат қилишлари мумкин. Уларнинг тиббий карталарига оид маълумотлар республикамизнинг барча оилавий поликлиникалари компьютерларида кўринади.
- Давлатимиз раҳбари томонидан Қонунчилик палатасига тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар устидан парламент назоратини ўрнатиш топшириғи берилганидан кейин Спикеримиз раҳбарлигида Наманган вилоятига келдик. Наманган шаҳри ва Янгиқўрғон туманлари тиббиёт бирлашмаларини намунавий тиббиёт бирлашмалари тизимига айлантириш режаси ишлаб чиқилди. Вилоят раҳбарияти томонидан бу масалага катта эътибор қаратилди, - дейди Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Ёқубов. - Аҳолига тиббий хизмат кўсатишни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилди. Поликлиникалар биноларини таъмирлаш, уларни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш борасида катта ишлар қилинди. Бунинг баробарида аҳолини тиббий хизматдан рози қилиш борасида ўзгаришлар қилинганлигини таъкидлаш мумкин. Энди бу саъй-ҳаракатлар вилоятдаги барча тиббиёт муассасаларига ёйилади. Шунинг учун ҳам кўргазмали анжуман ташкиллаб, намунавий тизимнинг мазмун-моҳияти тарғиб этилмоқда.
Анжуман доирасида вилоят тиббиётида кечаётган янгиланишлар билан ҳам танишилди. Жумладан, РШТЁИМ Наманган филиалининг тез тиббий ёрдам станциясида мамлакатимизда биринчилардан бўлиб ишга туширилган Call-маркази диққатга сазовордир. Туну кун ишлайдиган марказ туфайли тез тиббий ёрдам хизмати тезкорлигини оширишга муваффақ бўлинмоқда. Ҳозирча синов тариқасида фаолият кўрсатаётган марказ вилоятдаги барча тез тиббий ёрдам бригадалари фаолиятини мувофиқлаштириб турибди. Сарфланган 1 миллиард сўмга яқин маблағ эвазига 50 та компьютер ва бошқа зурур аппаратуралар олиб келиб ишга туширилди. Айни пайтда санитар автотранспорт воситаларига GPS навигаторларини ўрнатиш якунига етяпти. Янгилик туфайли чақирувлар бўйича беморлар ҳузурига етиб бориш вақти икки баробарга қисқарган.
Шу куни қатнашчиларга вилоят кардиология маркази кардиожарроҳлик бўлимида жорий этилаётган замонавий технологиялар ҳам кўрсатилди.
Кўргазмали анжуманда вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Абдуғаппор Қирғизбоев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Олий Мажлис Сенати аъзоси Солижон Мўминовлар сўзга чиқдилар.
Абдулла ҒОЗИЕВ.