Вилоят сайлов комиссиясида ўтказилган брифинг­ни Халқаро матбуот маркази Наманган вилояти бўлими раҳбари Маҳмуджон Парпиев олиб борди. Вилоят сайлов комиссияси раиси Шокиржон Мирзааҳмедов бўлажак сайловларга тайёргарликнинг бориши ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берди.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг шу йил 20 сентябрдаги "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида"ги 944-сонли қарори ва мазкур қарор билан тасдиқланган тадбирлар дастури асосида Наманган вилоятида сайловларга пухта тайёргарлик кўриш бў­йича муайян ишлар амалга оширилди.

Вилоятимиз ҳудудида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 60 та, шаҳар ва туманлар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 357 та сайлов округлари тегишли комиссиялари Марказий сайлов комиссиясининг тадбирлар дастурида белгиланган муддатларда тузилди ва матбуотда эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига шаҳар ва туманлар чегараларини инобатга олган ҳолда Наманган шаҳрида 2 та, қолган туманларда 1 тадан сайлов округлари тузилди ва сайловчилар учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий, кўркам биноларга жойлаштирилди. Жумладан, 8 та сайлов округи маданият ва аҳоли дам олиш масканларида, 2 та сайлов округи Бандликка кўмаклашиш марказларида, 1 та сайлов округи олий ўқув юртида, 2 таси коллежларда жойлаштирилди.

Вилоят сайлов комиссиясининг ва халқаро матбуот марказининг вилоят бўлими Наманган шаҳар марказидаги Ёшлар иттифоқи биносига жойлаштирилиб, комиссия ва халқаро матбуот маркази вилоят бўлимининг самарали фао­лият кўрсатиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилди. Сайлов жараёнларини очиқ ва ошкора ёритилишини таъминлаш ҳамда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларига қулайликлар яратиш мақсадида катта ва кичик мажлислар заллари интернет тармоғига уланган. 40 та компьютер тўплами, Wi Fi зоналари, 5х4 ҳажмдаги монитор ва бошқа зарур воситалар билан жиҳозланди.

Матбуот маркази халқаро кузатувчилар ва хорижий оммавий-ахборот вакиллари билан ишлаш кўникмасига эга бўлган 6 нафар малакали кадрлар билан таъминланди. Худди шундай матбуот марказлари шаҳар ва туманларда ҳам ташкил этилди.

Жорий йилнинг 11 октябрь куни Халқаро матбуот маркази Наманган бўлимида ЕХҲТ Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори офиси билан ҳамкорликда, халқаро экспертлар - Молдова давлат университети профессори Юрий Чокан ва Молдова Республикаси Марказий сайлов комиссияси аъзоси Вадим Филипов иштирокида сайловларни ташкил қилиш ва ўтказишни халқаро стандартлари, сайловда халқаро кузатувчилар иштирокининг аҳамияти ва сайловларни баҳолаш мезонлари мавзусида минтақавий семинар ташкил этилди.

Тарғибот ойлиги доирасида вилоятда фао­лият юритаётган ОАВ томонидан жами 210 дан зиёд мақолалар эълон қилинди. Жумладан, 140 дан ортиқ кўрсатув ва радиоэшиттиришлар, 25 га яқин вилоят, 40 га яқин шаҳар ва туман газеталарида 40 га яқин мақолалар чоп этилди. Шунингдек, республика ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларида ҳам сайловга тайёргарлик жараёнлари акс этган 20 дан зиёд ахборотлар берилди.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 23 июлдаги 926-сонли "Сайлов қонунчилиги ва ахборот коммуникацион технологиялар бўйича тизимли ўқитишни ташкил этиш тўғрисида"ги қарори асосида жорий йилнинг август ойидан бошлаб барча бўғиндаги сайлов комиссия­лари аъзолигига номзодларни ўқитиш, сайлов қонунчилиги бўйича сайлов ташкилотчиларининг билимини ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилди. 3504 нафар комиссия раиси, ўринбосари ва котиблари учун август ойидан ҳозирга қадар семинар тренинглар ташкил қилиб келинмоқда.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими бўйича ҳар бир округ ва участка сайлов комиссияларининг компьютер операторларини сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати билан ишлаш юзасидан билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган ўқув машғулотлари давом эттирилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси мониторинг гуруҳлари томонидан вилоятда амалга оширилаётган сайловга тайёргарлик ишлари ўрганилиб, жойларда тегишли тавсиялар берилди. Вилоятимиздаги сайловга тайёргарлик ишлари акс эттирилган альбом ва видеоролик тайёрланиб, Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилди.

Бугунги кунга қадар вилоятдаги бешта сиёсий партиялар ўз сайловолди дастурлари билан аҳоли орасида кенг тарғибот тадбирларини олиб боришмоқда.

Бу муҳим сиёсий тадбирга вилоятимизда пухта тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ташкилий ишлар хусусида маълумот берилди. Жумладан, Марказий сайлов комиссиясининг округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги низомлари асосида бугунги кунда вилоят ҳудудидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 13 та сайлов округлари, вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 417 та сайлов округлари ва 726 та сайлов участкаларини жиҳозлаш ишларига алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Брифингда бу каби анжуманлар сайловларга қадар ҳар ўн кунда мунтазам ўтказиб борилиши режалаштирилаётганлиги айтилди. Сайловларни ёритишга жалб этиладиган журналистларни вилоят сайлов комиссиясида аккридитациядан ўтказиш зарурлиги билдирилди.