Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси Наманган вилояти Кенгаши ана шу шиор остида янги форматдаги тарғибот тадбирини ўтказди.
Акция "Баркамол авлод" спорт мажмуидан бошланди. Бу ерда O'zLiDeP фаоллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари, жамоатчилик ва ёшлар вакиллари, ОАВлар ходимлари ҳозир бўлдилар. Дастлаб "Ватанпарвар" ташкилоти спорт-техника клуби мотоҳаваскорлари кўргазмали чиқиши бошланди. Улар ортидан партия рамзий байроғини кўтариб олган фаоллар, минглаб тадбир қатнашчилари "Биргаликда биз кучмиз!" деган ҳайқириқлар билан "Уч фаввора" хиёбони сари юриш қилдилар.
Байрамона безатилган ва тасвирий тарғибот воситаларига тўла хиёбон чинакам сайловолди тарғиботи марказига айланиб кетди. Тадбирда сўзга чиққан O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Акрам Алимов, партия вилоят Кенгаши раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминовлар жорий йилдаги сайловлар бутунлай янгича муҳитда, янгича ҳуқуқий шароитда ўтишини айтиб, бу сиёсий жараёнга Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳам жиддий тайёргарлик кўраётганлигини таъкидладилар.
Сайловолди байрам тадбири қизғин тус олди. Чунки, хилма-хил ва мазмунан уйғун тадбирлар тадбирларга уланиб ажиб тароват касб этди. Саҳнада куй-қўшиқлар авж олди. Юртимизнинг таниқли санъаткорлари ижросидаги ашула ва рақслар тадбир қатнашчиларига кўтаринки ва байрамона кайфият улашди.
Халқаро майдонларда жонажон Ўзбекистонимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган спортчиларнинг ва ҳарбий либосдаги ўқувчи ёшларнинг кўргазмали машқларида мард ва жасур, соғлом ва баркамол авлод вояга етаётганлиги ифодаланди. Иқтидорли рассом ўғил-қизлар иштирокида "O'zLiDeP менинг тасаввуримда" расмлар танлови ташкилланди.
- Бугунги тадбир менда жуда ҳам чуқур таассурот қолдирди.Чунки, O'zLiDeP нақадар жипс куч эканлигига амин бўлдим, - дейди талаба Маҳлиё Раҳимова.
Саҳнага кўтарилган партия фаоли, республика танловлари ғолибаси, тажрибали муаллима Лобар Рустамова ва бошқа нотиқлар ўз фаолиятларида эришаётган ютуқлари ҳақида тўлқинланиб сўзлаб бердилар. Барчани юрт равнақига баҳоли қудрат ҳисса қўшиш учун фаол бўлишга чақирдилар.
Тадбирга келганлар нафақат сиёсий билим ва тасаввурларин бойитдилар, балки саломатлик сабоқларини ҳам олдилар. Соғлом турмуш тарзи, жисмоний фаолликни ошириш юзасидан шифокорлар маслаҳат беришди. Вилоят даволаш-профилактика муассасалари томонидан тиббий кўриклар ўтказилди.
- Ўзбекистон муҳим сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар сайлови арафасида турибди. Жорий йилнинг 20 сентябридан мамлакатимизда соғлом рақобат, халқчил ғоялар кураши бошланди. Таъкидлаш керакки, сайловлар республикамизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинган стратегик вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистон либерал-демократик партияси ҳам сайловолди жараёнларида янгича ғоя, янгича қарашлар билан фаол иштирок этмоқда. O'zLiDeP айни кунларда ана шу ғоя билан сиёсат саҳнасига чиқмоқда, - дейди партия вилоят Кенгаши раиси Солижон Мўминов.
Тарғибот тадбири ниҳоясида самарали фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлар, фермер ва ҳунармандлар рағбатлантирилди. Партия сафига янги қабул қилинган хайрихоҳларга аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.
Шундай қилиб, 23 октябрь оқшоми партия фаолларигагина эмас, балки Наманган шаҳридаги "Уч фаввора" хиёбони атрофида кечган қизиқарли кечага ташриф буюрган юртдошларимиз учун ҳам узоқ вақт унутилмайдиган бўлди. Чунки бу қадар ҳаяжонли ва таъсирчан, мароқли ва файзли, дилларни тўлқинлантирадиган маданий-маърифий тадбир яқин орада уюштирилганлигини кўпчилик эслай олмайди, десак муболаға эмас. Демак, қалбларга жойлашган "Биргаликда биз кучмиз!" шиори эртага барчани ҳамжиҳатликдаги изчил саъй-ҳаракатларга чорлаши ҳақиқатдир.
Абдулла ҒОЗИЕВ.