Бачадон бўйни саратони аёллар саломатлигига таҳдид қилувчи жиддий касалликлардан бири ҳисобланади.
Бу хасталикнинг профилактикаси бўйича самарали стратегиялар мавжуд. Уларга одам папилома вирусига қарши эмлаш ҳамда саратон олди ҳолатларини скрининг қилиш ва даволаш, инвазив саратонни эрта аниқлаш ва илк босқичларда шошилинч даволаш, палиатив ёрдам кўрсатиш киради.
Республикамизда эндиликда ОПВ(одам папиломаси вируси)га қарши янги вакцинанинг жорий қилиниши бачадон бўйни саратони касаллигининг олдини олади. Вилоятимизда 21 октябрдан бошланган миллий эмлаш кунлари 1 ноябрга қадар давом этади.
Мутахассислар томонидан йил бошидан буён ўтказилган турли семинарлар, ўқув-тренинг машқларида умумамалиёт шифокорлари, педиатрлар, иммунолог, инфекционист ҳамда вакцинаторлар янги вакцинани амалиётга жорий қилиш бўйича керакли ва зарурий тиббий билим, кўникмаларга эга бўлишган.
Наманган шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли 13-оила поликлиникасида ҳам мазкур жараёнга пухта ҳозирлик кўрилди. Эмлаш ишларини ташкил қилиш ва амалга ошириш учун Н. Абдуллаева, Б. Муҳаммаджанов, Х. Ғаниевадан иборат врачлар бригадаси белгиланди. Шунингдек, вакцинаторлар ва уларнинг ёрдамчилари бу борадаги билимларини пухталаштиришиб, миллий эмлаш тадбирларига астойдил киришишди.
- Ҳудудимиздаги 2, 39- ҳамда 57-мактабларда ишни режа асосида ташкил қиляпмиз, - дейди поликлиниканинг бош вакцинатори Наргиза Ҳошимова. - Ҳамкасбларим Г. Қўлдошева, Ш. Асқарова, В. Мирзааҳмедова, Г. Исломова, М. Жўрабоева, М. Юлдашева, Д. Раҳимова М. Холмирзаевалар билан биргаликда муҳим вазифани ғоят масъулият билан адо этяпмиз. Ҳудудимиздаги ҳеч бир қизлар эътибордан четда қолмайди.
- Албатта, миллий эмлаш тақвимига киритилган янги вакцина бўлғуси оналаримиз саломатлигини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади, - дейди ВССБ бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Л. Аҳмедова. - Энди келажакда бачадон бўйни хасталиги билан касалланиш ва ўлим ҳолатларига барҳам беришда самарали натижаларга эришилиши шубҳасиз.