Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги алоқалар тобора кенг қамров касб этиш билан бирга йилдан-йилга фаоллаш­япти. Бу галги делегациямиз Бошқирдистон Республикасига йўл олди.

Ўзбекистон Молия вазирлигининг Ахборот - ҳисоблаш маркази директори Улуғбек Дауланов раҳбарлигидаги мазкур делегация таркибига Республикамиздан фақатгина Наманган вилояти вакилларининг киритилгани алоҳида эътиборга молик. Чунончи, вилоят ҳокимлиги молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Зафаржон Мўминов, ғазначилик бошқармаси бошлиғи ўринбосари Сайфиддин Комилов ва соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботировлар 9-12 октябрь кунлари ҳамкор мамлакатдаги молия ва ғазначилик тизими, унда тиббиётнинг тутган ўрни, ривожлантириш омиллари ҳамда истиқбол режалари билан танишишга, ўзаро тажрибалар алмашишга муяссар бўлишди.

Россиялик ҳамкасблар ўзбекистонлик меҳмонларни Уфа шаҳрида кутиб олишар экан, уларга алоҳида эҳтиром кўрсатишди. Россия федераль ғазначилик хизмати ва Бош­қирдистон Республикаси молия органлари вакиллари иштирокидаги тадбирлар юқори савияда ташкилланди.

Дастлаб "Конгресс-Холл Торатау"да икки мамлакат соҳадош вакилларининг учрашуви уюштирилди. Унда Бошқирдистон Республикаси Ҳукумати номидан премьер-министр ўринбосари вазифасини бажарувчи Илшат Тажидддинов, аудиторлик фаолиятини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Людмила Муромецева, меҳмонлар тарафидан Ўзбекис­тон Республикаси Молия вазирлиги ахборот-ҳисоблаш маркази директори Улуғбек Дауланов сўзга чиқдилар. Сўнг­ра мезбонларнинг ўз фаолият натижалари акс этган маъруза - ахборотлари тингланди. Айниқса, Бош­қирдистон соғ­лиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Ольга Горбацевичнинг "Бошқирдистон Республикасида соғлиқни сақлашни ривожлантириш ҳақида"ги маърузаси ўзбекистонликлар учун диққатга сазовор жиҳатларга бойлиги билан муҳим аҳамият касб этди.

Икки кун мобайнида тиббиётни молиялаштириш, унга энг илғор технологияларни жорий этишнинг ёрқин самаралари билан таништириш учун мезбонлар халқ соғлигини сақлаш масканларига ва шунга дахлдор олий ўқув муассасаларига таклиф қилишди.

- Бизлар ҳамма жойда дўстона очиқ чеҳра ва мамнуният билан кутиб олиндик, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Улуғбек Ботиров. - Ташрифимизнинг биринчи куни Бошқирдистон давлат тиббиёт университетида бўлдик. Ректор Валентин Павлов бу ерда юқори билимли тиббиёт кадрларини тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ибратли ишлар билан таништирди. Республика кардиология маркази бош врачи Ирина Николаева юрак хасталикларини даволашда эришаётган ютуқлари тўғрисида гапириб берди. Марказдаги юқори технологияли даволаш жараёнларини кузатдик. Республика онкология диспансерида эса ўсма касалликларини барвақт аниқлаш ва самарали муолажалар ўтказиш борасида бош врач Адель Измайлов тажрибалари билан ўртоқлашди.

Эртаси куни Бошқирдистоннинг психотерапевтик клиника марказига олиб боришди. Бу ерда мени бош врач Ильгиз Тимербулатов мулоқотга чорлади. Биз келгусидаги ҳамкорликларимиз хусусида ўзаро фикрлашиб олдик. Ташрифимиз икки томонлама манфаатли кечгани билан катта аҳамиятга эга бўлди.

Дарҳақиқат, шундай. Республикамиз молиячи ва ғазначилари сафида борган Улуғбек Ботиров у ерда ўзбекистонлик тиббиётчилар номидан маъруза қилиб, Россия Федерациясидек улкан мамлакатнинг қутлуғ гўшаси хисобланмиш Бош­қирдистон тиббиётчиларига истиқлол ислоҳотлари доирасида қўлга киритилаётган оламшумул ютуқларимиз ҳақида тўлқинланиб гапириб берди. Бу эса, уларнинг Ўзбекистонга ва айниқса Наманганга бўлган қизиқишларини орт­тириб юборгани табиий, албатта. Демак, келгусида дўстона борди-келдиларга бу ўлкада ҳам янги тамал тоши қўйилди.

Содиқ САЙҲУН.